«Пахтакор» бош мураббийига айланган Шота Арвеладзе клуб расмий сайти учун интервью берди.

- «Пахтакор» ва Ўзбекистондаги дастлабки таассуротларингиз қандай?

- Биринчи навбатда менга Ўзбекистонда ишлаш ва яшашга имконият тақдим этган барчага миннатдорчилик билдираман. Алоҳида ташаккуримни эса клуб Президенти Бобур Кабулович Шодиевга йўллайман. У қисқа вақт ичида «Пахтакор» учун кўп нарсалар қилишга улгурди ва мени клубнинг келажаги ажойиб эканига ишонтира олди.

Ўзбеклар жуда меҳмондўст халқлигини олдиндан билардим. Тошкентдаги қисқа давр мобайнида бунга янада кўпроқ амин бўлдим. Шундай экан, ҳаммаси ажойиб ва кайфиятим аъло даражада.

- «Пахтакор»дан таклиф сиз учун кутилмаган бўлдими?

- Ҳа, бу клубдан таклиф тушишини кутмагандим. Ҳаёт шундай нарса, унда турли ҳолатлар рўй беради. Менга кутилмаган жиҳатлар ёқади.

- Ўзбекистонга келишдан олдин юртимиз ва унинг футболи ҳақида нималарни билардингиз?

- Клуб тарихини биламан. Жамоа илгари қўлга киритган ютуқлар ва 1979 йил рўй берган авиаҳалокатдан хабардорман. Бу жуда афсусланарли воқеа бўлган. Грузиялик машҳур футболчилар «Пахтакор»да ўйнаганини биламан. Масалан, Манучар Мачаидзе. Терма жамоа ҳақида кўп маълумотга эгаман деб айта олмайман, аммо тез орада ўзбек футболи тўғрисида кўп нарсаларни билиб олишга умид қиламан.

- 1993 йил МДҲ Кубогида «Пахтакор»га қарши ўйнагансиз. Ўшанда икки гол ургансиз ва «Динамо» 5:2 ҳисобида зафар қучган. Ўша ўйинни эслайсизми? «Динамо» сафида уч ака-ука Арвеладзе майдонга тушган – Шота, Арчил ва Реваз.

- Тўғриси, ўзим ўша учрашувни эслай олмадим, лекин йигитлар Москвада ўтган ўша беллашув ҳақида айтиб беришди. Уч ака-ука Арвеладзе ўша ўйинда майдонга тушгани тўғри.

- Хориж клублари орасида ўзингиз ўйнаган қайси жамоани кўпроқ ёқтиргансиз?

- Тўп тепган барча клубларимни ёқтираман. Уларнинг бари фаолиятим ва ўсишимда катта ўрин тутган. «АЗ Алкмаар»да ёрдамчи мураббий сифатида ишлашни бошлаганман. Бу клубни алоҳида эътироф этиб, Марсель Бранс ва Луи ван Галга раҳмат айтаман. Ван Гаал, Дик Адвокат ва Рональд Куман билан ишладим. Яна Туркиянинг «Қайсериспор» клуби бош директори жаноб Хурмадан миннатдорман. У менга ишонди ва мураббийлик фаолиятимда илк бор бош мураббийлик вазифасини бажардим. «Қайсериспор»да уч мавсум ишладим.

- Ўзингизни нидерланд футбол мактаби мураббийи деб ҳисоблайсизми?