Давлат раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида пойтахт туманларига ташриф буюрганда тиббиётнинг бирламчи бўғинига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, давлат раҳбари Шайхонтоҳур туманида бўлганда аҳолига малакали тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш бўйича намунали оилавий поликлиникани айнан шу туманда ташкил этиш таклифини киритган эди. 

Соғлиқни сақлаш  вазирлиги ахборот  хизматининг хабар беришича, ушбу ташаббус соҳа мутасадди ходимлари томонидан қўллаб-қувватланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда дарҳол қўшма режа ишлаб чиқилиб, амалий ишлар бошлаб юборилди. Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника фаолияти таҳлилий ўрганилди ва мазкур мақсад учун танланди. 

Поликлиника Чақар, Чорсу, Қоратош, Гулбозор маҳаллаларини қамраб олган бўлиб, 26 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, ҳудудда жойлашган учта мактаб, битта коллеж ва тўртта боғчага ҳам 47-оилавий поликлиника бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатади. Ушбу вазифани поликлиникада фаолият юритаётган кардиолог, эндокринолог, гинеколог, невропатолог, окулист, отоларинголог, стоматолог каби тор мутахассислар ҳамда 15 нафар умумий амалиёт шифокори ва 32 нафар патронаж ҳамшира сидқидилдан бажариб келмоқда. Бундан ташқари, поликлиника замонавий тиббий техникалар, хусусан, УТТ, ЭКГ, рентген аппаратлари билан жиҳозланган. 

Президент топшириғидан сўнг, қисқа вақт ичида поликлиника фаолияти қайта кўриб чиқилиб, тубдан ислоҳ қилинди. Бунда асосий эътибор аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарасини янада яхшилаш, шифокор қабулига кириш учун навбатларни қисқартириш, касалликларни эрта аниқлаш ва патронаж ишларини ўз вақтида мақсадли олиб бориш, шошилинч ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизматини самарали ташкил этишга қаратилди. 

Айни дамда Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиника фаолияти ҳавас қилса арзирли даражага етган. Тиббиёт муассасасига киришданоқ поликлиника фаолиятининг асосий мезони халқ розилиги эканини англаш мумкин. 

Поликлиникага ташриф буюрувчи эътибори аввало киришда осилган ўзига хос ранглардаги маълумотлар тахтасига тушиши тайин. Айнан ушбу маълумотлар орқали қайси ихтисосликдаги шифокор нечанчи хонада қабул қилиши, иш вақти ва қабул кунлари билан танишиш мумкин. Шунингдек, ҳар бир хонадонга қуйидаги маълумотларни ўзида жамлаган ташриф қоғозлари тарқатилди: