Сербиядаги Воеводина телерадиокомпанияси (RTV) бир кун олдинги кечки дастурда «Талабалар рўйхати»нинг парламент сайловидаги ғалабани нишонлаши акс этган кадрлар намойиш этилмагани учун жонли эфирда томошабинлардан узр сўради.
Dnevnik янгиликлар дастурининг 26 октябр куни кечқурун эфирга берилган сони аввалида бошловчи Горан Эрор телеканал кўп йиллар мобайнида ўз функцияларини бажармай келганини тан олган.
«Муаммолар ҳақида сукут сақланди, кўп нарсага кўз юмилди, воқеалар бирёқлама ёритилди, танқидий репортажлар эълон қилинмади. Керакли саволлар берилмади ёки умуман савол берилмади. Бунинг учун биз томошабинлардан узр сўрашимиз лозим», – деди бошловчи.
❗️Dnevnik RT Vojvodine u 17h. V.d glavnog i odg. urednik RTV je podneo ostavku. Ali ovo izvinjenje i jedan otkaz nisu dovoljni! Potrebna je odgovornost, otkaz, i njegova i SVIH onih koji su dosad ćutali na javnom servisu svih građana. 🧹 https://t.co/8dBKmjfsEl
— MoreofSea 🌅📷 (@MoreofSea) October 26, 2026
Янгиликлар Нови-Сад ва Сербиянинг бошқа шаҳарларидаги ғалабани нишонлаш кадрлари билан бошланди. Vreme нашри ёзишича, RTV телеканали раҳбарияти бир кун олдин ходимларнинг эътирозларига қарамай, кўчалардаги байрамона кайфият акс этган кадрларини намойиш этмасликка қарор қилганди.
Бошловчининг қайд этишича, телеканалнинг айрим ходимлари журналистлар ва муҳаррирлар эркин ишлаши ҳамда этика принципларига риоя этилишини таъминлаш учун курашишган:
«Афсуски, бунга ўз вақтида эриша олмадик. Аммо биз бу курашни давом эттириш керак деб ҳисоблаймиз».
Шу куниёқ телеканалнинг Биринчи телевизион дастури бош муҳаррири Ненад Чачич истеъфога чиқарилгани маълум бўлди. Журналистлар ва «Мустақиллик» касаба уюшмаси вакилларининг RTV телеканали бош директори Горан Караджич билан музокараларидан кейин бу лавозимга Блажо Попович тайинланган. Собиқ бош муҳаррир истеъфоси касаба уюшмасининг талабларидан бири эди. Улар бир йил олдин ҳам RTV касбий мустақиллигини йўқотгани ва воқеаларни ҳукумат манфаатлари йўлида ёритаётганини таъкидлаб, унинг истеъфосини талаб қилишганди.
25 октябр куни Сербияда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда мамлакатнинг собиқ президенти Александр Вучич ҳам иштирок этди – у сентябр ойи бошида бўлажак сайловларда ғалаба қозониб, бош вазир сифатида ҳокимиятга қайтишни кўзлаган ҳолда президентликдан кетганди. Аммо сайлов натижаларига кўра, унинг бошчилигидаги Сербия тараққиёт партияси 2024 йил бошланган норозилик намойишлари давомида юзага келган «Талабалар рўйхати» номли ҳаракатга мағлуб бўлди.

















