MUGEM қурилиши 2025 йил январдан Истанбул ҳарбий-денгиз кемасозлик заводида олиб борилмоқда. Уни сувга тушириш дастлабки режага кўра, 2027 йил сентябрга мўлжалланган. Флотга топшириш ёки сафга киритиш эса 2032 йилда кутилмоқда.

MUGEM қисқартмаси туркча Milli Uçak Gemisi — «миллий авиаташувчи» номидан олинган. Кема мустақил лойиҳа асосида яратилмоқда ва мавжуд TCG Anadolu универсал десант кемасининг ўзгартирилган варианти ҳисобланмайди.

285 метрлик кемага 2500 киши жойлашади

Лойиҳага кўра, авиаташувчининг узунлиги 285 метр, эни 72 метр, сувга ботиш чуқурлиги эса 10,1 метр бўлади. Тўлиқ сув сиғими тахминан 60 минг тоннани ташкил этади — бу TCG Anadolu кўрсаткичидан қарийб 2,2 баравар катта.

Кеманинг максимал тезлиги соатига 48 километрдан ошиши, сузиш масофаси эса 18 500 километрга етиши кўзда тутилган.

Бортда асосий экипаж, учувчилар, техник мутахассислар ва хизмат кўрсатувчи ходимларни қўшиб ҳисоблаганда, 2500 кишигача жойлашиши мумкин.

Ҳарбий юришларда авиаташувчига эсминецлар, фрегатлар ва сувости кемалари ҳамроҳлик қилиши режалаштирилган. MUGEM замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан ҳам жиҳозланади.

Қандай самолёт ва дронлар жойлаштирилади?

Авиаташувчи 50 дан ортиқ турли учиш аппаратини олиб юриши мумкин. Унинг авиагуруҳи асосини Туркиянинг Hürjet ўқув-жанговар самолёти ташкил этиши эҳтимол қилинмоқда. Ҳозир ушбу самолётнинг палубага мос версияси ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, қуйидаги учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш режалаштирилган:

  • Kızılelma реактив ҳужумкор дрони;

  • Anka-3 учувчисиз аппарати;

  • Bayraktar TB3 дрони.

Туркия Kaan қирувчисининг авиаташувчидан учиб, унинг палубасига қўна оладиган вариантини ҳам ишлаб чиқиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ бу маълумотлар тасдиқланмаган.

Кеманинг энергетик қурилмаси ҳар бири тахминан 23 мегаватт қувватга эга тўртта GE LM2500 газ турбинасидан иборат бўлиши кўзда тутилган. Паст тезликда энергия сарфини самарали бошқариш учун электр юритма элементлари ҳам назарда тутилмоқда.