10 июль куни Uzmobile компаниясининг бош биносида Uzmobile ва Faktura.uz тизимининг янги қўшма лойиҳаси бўйича семинар тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистондаги йирик алоқа операторлари ичидаги илк электрон ҳужжат айланмаси бўлиб, лойиҳа Uzmobile мижозлари ва дилерлари ўртасида замоновий электрон ахборот алмашиш тизими яратилишини мақсад қилиб қўйган.
Faktura.uz лойҳаси тизим иштирокчиларига, жумладан, Uzmobile мижозларига ҳисоб фактураларни, шартнома ва актларни электрон тарзда тайёрлаш, қабул қилиш, юбориш ва етказиб бериш билан боғлиқ ўзига хос имкониятларни тақдим этади.
Семинарни Uzmobile ривожланиш бўйича бўлим бошлиғи Муҳиддин Иброҳимов очиб берди ва компаниянинг дилерлар билан ишлашида Faktura.uz'нинг афзаллик жиҳатларини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, Faktura.uz лойиҳаси мутахассиси Тўлқин Якубов мазкур лойиҳа ҳақида қизиқарли тақдимот ўтказди.

Тақдимотда Ўзбекистон қонунчилигининг мазкур йўналишида қатор ўзгаришлар юз бергани, жумладан, Солиқ кодексининг 222-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, ҳозирда ҳисоб-фактураларни электрон ҳужжат кўринишида тайёрлашга расман рухсат берилгани қайд этилди.
Шунингдек, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги янгиланган қонун электрон ҳисоб ҳужжатларини қоғозли муқобилига тенг ҳуқуқли этиб белгиланганлигини ва ушбу ҳужжатлар бир хил юридик мақомга эга эканликлари таъкидланди.
Қўшма лойиҳанинг яна бир эътиборли томони, тизим кўплаб муаммоларни - ҳужжатнинг қоғоз варианти йўқолиб қолиши, ифлос бўлиши ёки шунчаки керакли манзилга етиб бормаслигининг олди олинади.
Электрон ҳужжатларни сақлаш мутлақо қулай: уларни сақлаш учун ижара ҳақи тўлаш шарт эмас, керакли ҳужжатни тезда белгиланган сервердан излаб топиш мумкин.
Автоматлаштирилган тизимда ҳужжатлар билан боғлиқ барча операциялар (саралаш, ҳисоботлар ва бошқалар) бир лаҳзада амалга оширилади ва бу бухгалтерлардан ортиқча машаққат талаб этмайди. Шу билан бирга имзоланган ҳужжатни қалбакилаштириб бўлмаслиги семинарда алоҳида таъкидланди.















