Бугунги кунда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган гўшт нархи ошиши билан боғлиқ сабабларга “Даракчи” нашри ойдинлик киритишга қарор қилиб кўрди.

Республика бўйлаб бу ҳолатнинг кузатилишига сабаб нима? Журналист пойтахт деҳқон бозорларида суриштирув ўтказди.

Суриштирувда маълум бўлишича, Чорсу деҳқон бозорида лаҳм гўштларнинг нархи 1 кг. учун 35 000 сўмдан 36 000 сўмгача, суякли гўштлар эса 28 000 сўмдан 30 000 сўмгача сотиляпти. Маълумот учун: ўтган ойда айни шу турдаги, яъни суяксиз лахм гўшт 28 000, суяклиси эса 25 000 сўмдан харидорларга етказилган. 

Суриштирув жараёнида бошқа гўшт маҳсулотларнинг нархида ҳам худди шундай ўсиш борлигига гувоҳ бўлинди: масалан, суяксиз от гўшти 1 кг. учун 25.000 30.000 гача; жигар 20.000 22.000 гача; қази 52.000 (хоми ҳам, тайёри ҳам); қийма 20.000 сўмдан 25.000 сўмгача. Бу нархлар ҳам ўтган ойдагига нисбатан турига қараб камида 3000 сўмгача ўсган.

“Қўйлиқ” деҳқон бозоридаги суриштирувда ҳам худди шундай нархлардаги ўсишга гувоҳ бўлинди: бу ерда ҳам лаҳм гўштлар 30 000 сўмдан 32 000 сўмгача нархда сотилмоқда. Сотувчининг таъкидича, ўтган ойда айни шу турдаги гўштлар 25 000 сўмдан 28 000 сўмгача харидорларга етказилган.

Қассобларнинг қайд этишича, нархлардаги бундай ўзгаришларга вилоятлардан мол олиб кириш қийин бўлаётгани, чорва моллари учун ем-хашакларнинг нархи ҳам кўтарилгани уларнинг гўштга нисбатан шундай нарх қўйишига сабаб экан. Шунингдек, гўштлар сифатига қараб ҳам нархланади, деди қўшимча изоҳ бериб сотувчи.

Катта савдо марказларда лаҳм мол гўшти 1 кг. 39.490 дан 39.990 гача, қўй гўштиники эса 1 кг. учун 28.000 31.990 гача нархда савдога қўйилган.

Гўшт нархи нимага ошаётгани ҳақидаги савол билан «Ўзбекозиқовқатхолдинг»га мурожаат қилинди.

Бозор иқтисодиёти шароитида гўшт нархи талаб ва таклиф, шунингдек уни ишлаб чиқариш ҳаражатларидан келиб чиқиб белгиланади. Шу муносабат билан бозорда гўшт нархи ишлаб чиқарувчилар (хўжалик субъектлар) томонидан белгиланади – дейилади ташкилот жавобида.