Ҳусан Ҳакимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўттиз ёшдан ошибдики, на бир тайинли ишнинг бошини тутди, на уйланиб, бир оилага бош бўлди. Бетайин юришлари, ноқонуний қадам олиши сабаб муқаддам судланиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Ҳукумат томонидан унга бағрикенглик кўрсатилиб, 2015 йилнинг ноябрь ойида озодликка чиқади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Қилмиши учун сабоқ олгулик жазони ўтаб чиққанидан сўнг ота-онаси, қариндош-уруғлари унинг инсофга келишидан умидвор бўлишди. Аммо Ҳусан уларнинг умидларини пучга чиқарди. Орадан ярим йилча вақт ўтиб, мудҳиш жиноятга қўл урди.
2016 йил апрель ойининг сўнгги кунларидан бири. Ҳусан кечки соат еттиларда ўртоғи Шоқосим билан маҳалласи ҳудудидаги дўконга кириб, “ширингина” бўлиб қайтиб чиқди. Қадрдонлар дарров хайрлашмасдан, ташқарида суҳбатни давом эттиришди. Ш.Муродов кетгач, Ҳусан дўконга қайтиб бориб, яна бир шиша ароқ сотиб олди. Уйига қайтаркан, қандайдир қўшиқларни хиргойи қилиб, йўл-йўлакай спиртли ичимлик истеъмол қилиб борди. Бир маҳал ёнидан тугун кўтарганича шошиб кетаётган аёл ўтди-ю, унинг фикри бузилди.
Аёлнинг ёлғизлигига ишонч ҳосил қилгач, миясида чақнаган бузуқ ниятини амалга ошириш ҳаракатига тушиб қолди. Унинг ортидан тушиб, йўлнинг бир томони дала билан туташган қисмига етганида “ҳужум”га ўтди. Ҳе йўқ, бе йўқ аёлга ташланиб, уни дала томонга тортди. Жабрланувчи бақир-чақир қилиб, унга қаршилик кўрсатди. Ҳ.Ҳакимов унинг бошига шиша билан урди. Зарбдан чўк тушиб қолган аёл яна-да баландроқ овозда қичқириб, ёрдамга чақираверди. Хавотир ва саросимага тушиб қолган Ҳусан бутунлай идрокини йўқотди. Хаёлини “тинчитиш керак” деган мудҳиш фикр банд қилиб, қўллари шу буйруққа бўйсунди. Ердан тош олиб, ожизанинг ҳаётига “нуқта” қўйди.
Қилғиликни қилиб бўлгач, мурдани кўздан пана қилиш борасида бош қотира бошлади. Аёлнинг жасадини шундоққина йўл ёқасидаги ғалла майдонига олиб кириб, ариқ ичига ташлади. Бир инсоннинг умрига зомин бўлгани етмаганидек, марҳуманинг қўлидан умумий қиймати 1 млн. сўмликдан ошиқроқ бўлган узугини ва бир жуфт зирагини ечиб олди. Аввалига уни шу ерга ташлаб кетмоқчи бўлди. Бироқ фикридан қайтиб, марҳуманинг танасини дала бўйлаб судраганича ўзининг яшаш уйи томорқаси этагига олиб келди. Уйидан кетмон олиб чиқиб, жасадни кўмиб ташлади.
Бу кимса худди кеча тунда ҳеч нарса бўлмаганидек, эртаси кундан одатдаги ҳаётини давом эттирди. Орадан икки ҳафтача ўтиб, ўзи қазиган қабрдан хабар олди. Қараса, қабр итлар томонидан кавланиб, жасад ер юзасига чиқиб қолибди. Қилмиши ошкор бўлишидан юраги орқага тортиб кетган Ҳ.Ҳакимов мурдани қазиб олиб, 2 та полиэтилен қопларга жойлади. Чўкиши қулайроқ бўлиши учун тошлардан ҳам солиб, қопларни томорқасининг орқа томонидан оқиб ўтувчи дарёга ташлаб юборди.












