ProCab Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонаси 2012 йили ташкил топган бўлиб, кабел ва симларни замонавий ускуналарда ишлаб чиқаради. Биз завод қандай ишлашини кўриб чиқдик.

Завод Сергели туманида бўлиб, завод майдони билан ҳайратда қолдиради - у 14 гектар майдонда жойлашган.

Кабел ишлаб чиқаришини тўрт босқичга бўлиш мумкин: хом ашёни эритиш босқичи, сим тайёрлаш босқичи, экструдер бўлими ва қадоқлаш бўлими.
Завод ичида ҳар хил ускуналар ишламоқда, шулар қаторида Германия, Финляндия, Япония ва Туркиянинг етакчи корхона ускуналари ўрнатилган. Хом ашёни эритиш босқичида мис катодлари эриш печларига келиб тушгач, бу ерда кислородсиз муҳит ва юқори ҳароратда уларнинг эриш ҳодисаси кузатилади. Кристаллизатордан чиққач, кейинги қайта ишлаш жараёнида қўллаш учун керакли диаметрдаги мис симлари олинади.



Тайёр ингичка сим чўзиш бўлимига юборилади. Белгиланган диаметрдаги симларни олиш - ишлаб чиқариш жараёнидаги муҳим босқичлардан биридир. Бунинг учун маҳсулот NIEHOFF (Германия) компанияси ускуналари ёрдамида диаметри чўзилади.
Кейинги босқичда мис ва алюмин симлар экструдер бўлимига келиб тушади. Бу ерда экструзия усули орқали PVX пластикати ёки полиэтилен билан қоплаш жараёни амалга оширилади. Қопламаси бор симлар ўзакка айлантириб чиқилади. Бу жараён махсус айлантириш ускуналарида амалга оширилади. Шундан сўнг кабеллар ғалтакларга ўралиб, қадоқланади ва омборга юборилади.


























