Шавкат Мирзиёев 17 июль куни «Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарорда аҳолини зарур дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш аҳолига салбий таъсир кўрсатувчи бир қатор жиддий хато ва камчиликлар кузатилаётгани келтириб ўтилган:
- амалдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини импорт қилишдаги ортиқча тартиб-таомиллар уларни етказиб бериш муддатларининг сунъий кечиктирилиши ва ички бозордаги тақчиллиги юзага келишига олиб келмоқда; 
-дори воситалари ва тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжни белгилаш бўйича аниқ механизмларнинг мавжуд эмаслиги импорт ва маҳаллий ишлаб чиқариш мувозанатини таъминлаш ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни прогноз қилиш имконини бермаяпти; 
- импорт қилинаётган ва республикада ишлаб чиқарилаётган ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларига чекланган нархларни белгилаш тартибининг мукаммал эмаслиги кузатилмоқда; 
- фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг етарли даражада маҳаллийлаштирилмаганлиги маҳаллий фармацевтика корхоналарининг импорт хомашёси ва материалларига юқори даражада қарамлигини юзага келтирмоқда, оқибатда дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг нархлари кескин ошмоқда; 
- дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш учун лицензия бериш бўйича ҳудудий комиссияларининг фаолияти тўғри йўлга қўйилмаган, бу лицензия талаб ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишга салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Президентимиз томонидан қабул қилинган ушбу қарорда аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг тақчиллиги вужудга келишига йўл қўймасликка қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда. 

Жумладан ушбу қарорга мувофиқ 2017 йил 1 августдан бошлаб ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш фақатгина «Ўзмедэкспорт» республика ташқи иқтисодий давлат корхонаси томонидан амалга оширилади. Ушбу корхонага ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини жорий йилнинг иккинчи ярмида қўшимча эҳтиёждан келиб чиқиб етказиб берилишини таъминлаш топширилди.