10 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев маданий меросни асраб-авайлаш, музей ишини ривожлантириш ва Ўзбекистон маданиятини халқаро майдонда тарғиб қилиш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.
Йиғилишда турли тарихий даврларда мамлакатдан олиб чиқиб кетилган маданий бойликларни тизимли равишда излаш, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва Ўзбекистонга қайтариш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу мақсадда Ўзбекистон президенти ҳузурида маданий бойликларни репатриация қилиш бўйича комиссияни шакллантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Комиссия ноёб тарихий ёдгорликлар, археологик ашёлар, нодир қўлёзмалар ва санъат асарларини қайтариш масалалари билан шуғулланади.
Тақдимотда маданий мерос объектларини рақамлаштириш бўйича ҳам қатор таклифлар кўриб чиқилди. Хусусан, маданий мероснинг ягона рақамли платформаси, объектларнинг рақамли эгизаклари, Heritage Open Data тизими ва ситуацион марказ ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
Ситуацион марказда IoT-сенсорлар, сунъий йўлдош маълумотлари, видеотаҳлил ва сунъий интеллект технологиялари орқали маданий мерос объектлари ҳолатини кузатиб бориш режалаштирилган. 2030 йилга қадар мамлакатдаги барча маданий мерос объектларини рақамлаштириш кўзда тутилган.
Шунингдек, тарихий объектларда туристик юкламани бошқариш учун Visitor Management тизимини жорий этиш, рақамли чипталар қамровини кенгайтириш ва сайёҳлар оқимини прогноз қилиш таклиф этилди. Зарурат туғилганда айрим маданий мерос объектларига ташриф буюрувчилар сонига лимит белгилаш ҳам назарда тутилмоқда.
Кадрлар тайёрлаш йўналишида Бухорода ихтисослаштирилган реставрация олий мактабини очиш, Археология институтининг ҳудудий филиалларини ривожлантириш ва реставраторларни лицензиялаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш учун “Зомин тоғлари” табиат объекти номинациясини тайёрлаш масаласи кўриб чиқилди. У Зомин давлат қўриқхонаси ва Зомин миллий табиат боғини қамраб олади.
Якунда 2027–2035 йилларга мўлжалланган Маданий меросни ривожлантириш стратегияси бўйича таклифлар тақдим этилди. Президент уларни такомиллаштириш ва амалий ижросини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.















