Жаҳон | 15:54 / 21.07.2017
5982
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон 7,76 млрд долларлик 6 та сувости кемасини етказиб бериш учун тендер эълон қилди

Ҳиндистон мудофаа вазирлиги мамлакат ҲДК учун олтита атомли бўлмаган субмаринани харид қилиш жараёнини бошлади. Уларнинг умумий қиймати 7,76 млрд долларга тенг. Ҳиндистон жаҳондаги етакчи ишлаб чиқарувчиларга бу борада мурожаат йўллаган.

"Қиймати 7,76 млрд доллар бўлган олтита сувости кемаси ҳинд хусусий кемасозлик корхонасида қурилади. Корхона ҳукумат томонидан танланади, хорижий шерик эса оддий тендер асосида аниқланади", - дея қўшимча қилиб ўтишган мудофаа вазирлигидан. Бу стратегик шерикликнинг тасдиқланган модели бўйича илк лойиҳа бўлади. 

Расмий манбаларга кўра, Ҳиндистондан бу борада "Рособоронэкспорт" ва "Рубин" корхоналари (Россия), Mitsubishi Heavy Industries ва Kawasaki Heavy Industries (Япония), Naval Group (Франция), Navantia (Испания), Saab (Швеция) ҳамда ThyssenKrupp Marine Systems (Германия) мурожаат олган.

Ҳиндистонлик ҳарбийларнинг умид қилишича, янги сувости кемалари “замонавий ва жуда катта таҳдид уйғота олувчи” бўлади. Уларни ҳавога таъсирчанлиги бўлмаган энергетика қурилмалари билан жиҳозлаш кўзда тутилмоқда. Бу уларнинг сузиш масофаси, шовқин чиқаришини яхшилайди ва уни аниқлаш имкониятини пасайтиради. 

Мавзуга оид