2017 йил 24 июль куни хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табрикладилар.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти билан дунёнинг кўплаб давлатлари раҳбарлари ўртасида нафақат расмий, балки шахсий дўстлик муносабатлари ҳам ўрнатилган. Давлатимиз раҳбари номига келган табрикларда ҳам бу ўз тасдиғини топган, деб ёзади ЎзА.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпинг табригида бундай дейилган: «Сизга туғилган кунингиз муносабати билан ўзимнинг самимий табрикларим ва эзгу тилакларимни билдириш менга катта мамнуният бағишлайди».
«Хитой ва Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратаман, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни биргаликда ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида Сиз билан яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёрман», деб таъкидлаган Хитой раҳбари.

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Президентимизни 60 ёши билан телефон орқали самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, давлат раҳбари сифатидаги фаолиятида муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаган.
Ўзбекистон ва Россия Президентлари олий даражадаги мунтазам учрашувлар халқларимиз ўртасидаги алоқалар тарихида янги саҳифани бошлаб берганини, икки мамлакатнинг ўзаро дўстона ва ишончли муносабатлари, иттифоқчилик ва стратегик шерикликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратганини мамнуният билан таъкидладилар.
Президентлар учрашувлар чоғида имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувларни изчил амалга ошириш Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов телефон орқали мулоқотда Шавкат Мирзиёевни юбилейи билан самимий муборакбод этиб, эзгу тилаклар изҳор этган, 2017 йилнинг биринчи ярми қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасида воқеаларга бой ва самарали бўлганини таъкидлаган.


















