2017 йил 26 июль куни Халқаро Пресс-клубда «Ўзбекистоннинг замонавий солиқ сиёсати: вазифалар ва амалга ошириш механизми» мавзусида навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Анжуман давомида Республикамизда солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мужбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш, солиқ тўловчиларга яратилган қулайлик ва имтиёзлар, давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишлари, давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўрсатилаётган интерактив давлат хизматлари, соҳада ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш билан боғлиқ белгиланган вазифалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тузилмасида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекциясининг вазифа ва функциялари муҳокама қилинди.
Сессияда журналистларнинг саволларига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосарлари Эркин Гадоев, Назарали Норбоев ва Хотамбек Шакиров, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Нодиржон Жўраев, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Шухрат Исмаилов, Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев, Марказий банк раиси ўринбосари Саидкамол Ходжаев, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Қахрамон Валиев ҳамда Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитасининг мутасадди ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Солиқ академияси ўқитувчилари жавоб бердилар.

Шунингдек, анжуманда Халқаро Пресс-клуб Жамоатчилик кенгаши, соҳа экспертлари, мутахассислар, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида солиқ солиш базасини кенгайтириш орқали солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва солиқ юкини камайтириш масалалари алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун солиқ юкини изчиллик билан камайтириш ва қулай шарт-шароитларни яратишни таъминлайдиган солиқ тизими янги даврни бошлаб берди.
Мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ этишнинг еттита муҳим йўналишлари белгилаб берилди.



















