АҚШ Венесуэла президентига қарши санкция эълон қилди
Америка Қўшма Штатлари Венесуэла президенти Николас Мадурога қарши «демократияга путур етказганлиги» учун санкциялар эълон қилди. Бу ҳақда АҚШ молия вазирлигининг тарқатган маълумотига таяниб, РИА Новости хабар қилмоқда.
Санкцияларга мувофик, Мадуронинг АҚШ юрисдикцияси остидаги барча активлари музлатилади, АҚШ фуқароларига эса у билан ишлаш тақиқланади.
АҚШнинг илгарироқ эълон қилинган баёнотига кўра, улар Венесуэла Миллий таъсис йиғилишига сайловлар ўтказилишига кескин қарши бўлган ва агар сайловлар ўтказилгудек бўлса «қатъий иқтисодий чоралар» кўриш билан таҳдид қилинган эди.
Якшанба куни Венесуэлада Миллий таъсис йиғилишига сайловлар бўлиб ўтди ва кутилишича у мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритиш билан шуғулланади. Бу органни чақириш Николас Мадуро ташаббуси билан амалга оширилди. Мухолифат таъсис йиғилиши чақирилиши масаласи референдум орқали ҳал қилиниши кераклигини писанда қилиб, сайловларни тан олгани йўқ. Сайловлар инсонларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлган мамлакатдаги оммавий норозиликлар шароитида бўлиб ўтган. Депутат Энри Рамоснинг билдиришича, шанба ва якшанба кунлари бўлиб ўтган норозилик намойишларида камида 16 киши ўлдирилган.