Мамлакатда кечаётган демократик янгиланишларга мос равишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳам янги босқичга кўтарилмоқда, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров Қонунчилик палатаси сайтида.

Куни кеча буткул янгича шаклда бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида жамиятимизнинг турли соҳаларини ислоҳ этишга қаратилган 20 дан ортиқ қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Ушбу йиғилишнинг ўзига хос муҳим жиҳати парламентимиз тарихида илк бор телевидения орқали тўғридан-тўғри жонли тарзда эфирга узатилгани бўлди. Замонга ҳамоҳанг равишдаги бу каби янгича ёндашув Олий Мажлис Қонунчилик палатасини халқимизга янада яқинлаштириш, депутатларнинг қонун ижодкорлиги фаолиятидан фуқароларни кенгроқ хабардор этиш, муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари тўғрисида сиёсий партиялар фракцияларининг позициялари билан яқиндан танишиш имкониятини берди. Қолаверса, бу парламентимиз фаолиятини профессионал босқичга кўтаришда яна бир муҳим қадам бўлди, десак янглишмаймиз.

Ушбу йиғилишдан кейин партиямиз қабулхоналарига ва фракциядошларимизга сайловчилардан қатор телефон қўнғироқлари, электрон мурожаатлар бўлди. Ушбу янгиликни халқимиз томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинганлиги барчамизни қувонтиради, албатта.

Таъкидлаш лозимки, муҳокама қилиниётган ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари партия сайловолди дастури ва электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўзининг аниқ позицияларини билдирмоқда.  

Хусусан, биринчи ўқишда қабул қилинган “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар даврида фуқароларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича олдимизга қўйилаётган вазифаларни ҳал этишда жуда муҳим ўрин тутади.

Президентимизнинг 12 июлдаги Парламент аъзолари билан учрашувида қонун лойиҳаларини аҳоли билан муҳокама қилиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда қабул қилиш муҳим вазифа этиб белгиланган эди. 

Мазкур заруриятдан келиб чиққан ҳолда ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг вилоят ва туман Кенгашлари кесимида маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва бошланғич партия ташкилотлари фаоллари иштирокида кенг муҳокамадан ўтказилди.

Хусусан, партиянинг Бухоро вилояти кенгашида фракциямиз депутатлари билан биргаликда ўтказилган муҳокамада халқ депутатлари Бухоро вилояти, туман, шаҳар кенгашларидаги партия гуруҳлари ҳамда фаоллари иштирокида қонун лойиҳаси юзасидан қатор таклифлар олинди.