Фильмларда бош қаҳрамон бошидан маълум бўлади. Ҳеч қурса ўртароғида. Чунки у охиригача нима учун қаҳрамон бўлажаклигини исботлаб боради. Бугунги фильмимизда қаҳрамон энди туғилади, шекилли. Мақола мантиғига кўра, қаҳрамонни охирида айтаман.

Узоқ давом этган «кўпикли опера» ниҳоят ўз якунига етди. Очиғи, бу «опера» бошланган пайтда Неймар худди Роналду сингари ўзининг молиявий томонини яхшилаб олиш учун «Барселона» раҳбариятига ўйин қиляпти деб ўйлагандим. Йўқ, бразилиялик юлдуз чиндан ҳам кетмоқчи бўлган экан. Охири кетди ҳам. Буни каталонияликларнинг расмий твиттер аккаунти ҳам тасдиқлади, Месси ҳам инстаграмида ролик кўринишида хайрлашди. Буёғига эртак Парижда давом этадиган бўлди.

Неймар воқеаси менга қаттиқ таъсир қилишига унинг Франция пойтахтига ўтишига ишонмаганим кўпроқ сабаб бўлгандир, лекин бошқа жиҳатлари ҳам борлигини сал кейин пайқаб қолдим. Неймар ҳақидаги хабарлар ва бугунги якунни «Барселона» томонидагилар кўзи билан кўришимиз зарур. Испания мустамлакаси томонидан туриб изоҳлаш тўғрироқ бўлади, ҳар ҳолда Неймар ҳали «ПСЖ» либосини кийганича йўқ.

Ҳеч сезганмисиз, бир инсон узоқ касал бўлиб ётиб қолса, атрофида гирдикапалак бўлганлар ҳам ўша инсон вафот этгач ғалати бўлиб қолишади, ўзларини қўярга жой тополмай қолишади. Бу одамни узоқ вақт кўрмаганлардан-да ошириб йиғлашади. Ваҳоланки, улар ҳар куни касалнинг ёнида бўлишган, бу касаллик эрта-индин ажал билан якунланишини билиб туришган, лекин барибир ўлим дуч келган пайтдаги ҳолатлари ўзгача бўлади. Тайёргарликлару тасаввурлар бутунлай ёлғончи бўлиб чиқади. Ҳозир Каталонияда шунга ўхшаш ҳолат. Неймарнинг трансфери борасида кўп гаплар уларни ҳам ранжитган, ҳатто ич-ичларида бразилияликсиз мавсумни ҳам тасаввур қилиб кўрган бўлишлари мумкин. Бироқ, воқеа содир бўлганида, Каталония аза либосини кийиб олди. Дарахтлари-да бошини эгиб олди.

Бу трансфернинг бошқа трансферлардан фарқ қиладидиган жиҳати фақатгина пулида эмас. Погба «МЮ»га келаётганидаги гап-сўзлар билан бугунги изоҳлар ўртасида катта фарқ кўряпмиз. Сотиб олаётганлардан кўра сотиб юбораётганларнинг ҳолати ҳақида гапириляпти фақат. «Барселона»дагилар учта икки ва буёғига миллионни изоҳловчи нолли рақамни ёзаётган пайтида бу сумма етиб бўлмас чўққи деб ўйлаган бўлишса керак, бироқ бугун бу сон жуда ҳам қўрқинчли сумма эмаслиги маълум бўлди. Аввало бунга футболчининг ўзи рози бўлса, кифоя экан. Ҳай, инсоф нуқтаи назаридан Погба трансферини Неймар воқеаси билан таққосласак нотўғри бўлади. Бразилиялик юлдузга ўз даражасидаги йигитларни топиш керак. 

Аввало, охирги пайтларда юлдузларнинг охирги бекати Мадрид ё Каталония бўлиб қолганини, бунга номи чиққан юлдузни шу икки жамоадан бири сотиб олишига ҳамма кўникиб қолганини айтиб ўтсак. Табиийки, бу икки суперклуб мухлислари ҳам. Ҳозир эса, навқирон йигит янада юлдузроқ бўлиш учун айнан Барселонадан кетмоқда. Қайсики, ҳамма интиладиган, кубокларни қалаштириб ташлашга умид ёғдирадиган Каталония шаҳридан чиқиб кетмоқда.