Ёки дабдабабозлик, исрофгарчилик ва манманлик каби иллатлардан қачон халос бўламиз?!

«Бизни кемиргувчи иллатлар» деган одатларимиз, шу тўй ва таъзия исминдаги девоналигимиздан иборатдур. Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қаттиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлғон ила-да қутулмас. Ўзидан сўнгра аҳлу аёлиға бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр...»

Бу — маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Ойна» журналида эълон қилинган «Бизни кемиргувчи иллатлар» сарлавҳали мақоласидан бир парча. Орадан 102 йил ўтиб ана шу мулоҳазаларни ўқир эканмиз, тўй-маросимлардаги дабдабабозлик, исрофгарчилик, манманлик каби иллатлардан халос бўлиш халқимиз, жамиятимиз учун ҳали-ҳануз долзарб бўлиб турганини янада теранроқ англаб етамиз.

Зеро, тўй — тинчлик, фаровонлик рамзи. Яхши ният билан элга дастурхон ёзиб, икки ёшнинг никоҳ базмини ёру дўстлар даврасида нишонлашга нима етсин?! Лекин тўйни дабдабага, пулнинг кучини кўрсатадиган маросимга айлантиришдан қандай наф бор? Бунга қасд қилган киши «зўр» одамга эмас, аксинча, оёғи ердан узилган ношукр кимсага ўхшаб қолаётганига ақли етармикан?! 

Президентимиз Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида тўйларимиз хусусида куйиниб сўз айтди. Бугун ўзини кўз-кўз қилиб, «кимўзар»га тўй қилаётганлар кўпчилик бўлмаса-да, йўқ эмас. Улар ўзларини бошқалардан устун қўйиб, керилиб, «ҳамманинг оғзи очилиб қолсин» қабилида иш тутишлари жамиятимизни маънавий таназзулга етаклаётганини қандай изоҳлаш мумкин? 

«Келиннавкарлар» қайдан келди?
Яхши ният билан бошланган тўй азага айланди. Бухородан «ёр-ёр» айтиб келган «куёвнавкарлар» Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидан келин тушириб қайтишда автоҳалокатга учради. Бир йўла беш киши ҳаётдан кўз юмди: келин-куёв, уларга ҳамроҳлик қилган йигит-қиз ва ҳайдовчи. Фожианинг сабаби — ортиқча дабдабабозлик. Кўчани тўлдириб, турнақатор бўлиб ҳаракатланаётган машиналар кортежи ичида энг шоҳона безатилган автоулов йўл четидаги тўсиққа катта тезликда бориб урилди... 

Бу — бир неча йил аввал юз берган воқеа. Аммо беш хонадон аъзолари қалбидаги жароҳатлар ҳали-ҳамон битгани йўқ. Хўш, бу кулфатдан бошқалар, ён-атрофдагилар қандай хулоса чиқарди, қандай сабоқ олди? 

Таассуфки, бугун юртимизнинг барча ҳудуди, чунончи, Самарқанду Бухорода ҳам бундай кераксиз «урф»лар кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаяётгани йўқ!