Шавкат Мирзиёев Олмалиқ шаҳрининг бош режаси асосида амалга оширилиши режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Олмалиқ мамлакатимизнинг саноати ривожланган йирик шаҳарларидан биридир. Ҳудудда янги конларнинг ўзлаштирилиши, аҳоли сонининг ўсиб бориши шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни тақозо этмоқда. 2035 йилгача мўлжалланган бош режага кўра Олмалиқнинг маъмурий ҳудуди 2 минг 600 гектардан 3,5 минг гектарга етказилади. Саноат ҳудуди шаҳар марказидан олиб чиқилиб, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолига қулай уй-жойлар барпо этиш кўзда тутилган. 

Имтиёзли ипотека кредити асосида бериладиган етти қаватли ўнта уй Ибн Сино кўчасида бунёд этилмоқда. Ҳар бири 42 хонадонга мўлжалланган ушбу уйларнинг дастлабки иккитаси қуриб битказилиш арафасида. Мазкур уйларда аҳолига яшаш учун барча қулайликлар яратилган. 

Лойиҳага кўра, бу ерда гипермаркет, мактабгача таълим муассасаси, маданият ва истироҳат боғи ҳам қурилади. Бу аҳоли фаровонлигини юксалтириш, хизмат кўрсатиш сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

Президентимиз аҳолининг уй-жойга эҳтиёжини ҳисобга олиб, тўққиз қаватли уйлар барпо этишни таклиф этди. 

Янги уйлар Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида шаҳар аҳлига муносиб туҳфа бўлади, деди Президентимиз. Уйлар қурилиши йилдан-йилга кенгайиб боради. Келгусида бу ерда барча қулайликларга эга замонавий микрорайон қад ростлайди, халқимиз ҳам биздан рози бўлади. 

Олмалиқ шаҳридаги “Ойдин” деҳқон бозори ва буюм бозорининг бугунги кундаги ҳолати, хизмат кўрсатиш даражаси талабга жавоб бермай қолган. Шу боис ушбу бозорларни капитал реконструкция қилиш, қўшимча бино ва савдо нуқталари барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳада деҳқон бозоридаги турғун савдо нуқталарини тартибга келтириб, замонавий автотураргоҳ, буюм бозори учун 450 ўринли павильонлар барпо этиш режалаштирилган. 

Президент ушбу бозорларда сотувчи ва харидорларга яратиладиган шарт-шароитлар билан қизиқди. Иншоотларни замонавий қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда қисқа муддатда сифатли барпо этиш, қўшимча қулайликлар яратиш юзасидан тегишли тавсиялар берди. 

Мамлакатда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, жойларда замонавий шифохоналар барпо этиш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Олмалиқ шаҳар болалар шифохонаси реконструкцияси шу ишларнинг узвий давоми бўлиб, болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга ўз вақтида ва намунали тиббий хизмат кўрсатишда кенг имконият яратади.