17:00 / 11.08.2017
20360

Шавкат Мирзиёев Олмалиқ шаҳрида қурилаётган уйларни бориб кўрди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 август куни Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди. Президент Олмалиқ шаҳри марказидаги 5/2 массивида қурилаётган 7 қаватли, 2 ва 3 хонали турар-жой биноларини бориб кўрди, деб хабар берди ЎзА.

Ўн беш йилга имтиёзли ипотека кредити асосида бериладиган мазкур уй-жойларда айни пайтда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

«Бу каби уйлар ғиштдан қурилаётгани ҳар томонлама фойдали. Қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади. Бундан ташқари, табиий таъсирларга чидамли», — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев мазкур уйларда яратилган шароитлар билан танишди. Мутасаддиларга қурилиш ишларини сифатли бажариш, иншоотларни ўз вақтида қуриб битказиш ва топшириш юзасидан тегишли топшириқлар берди.

Президент Олмалиқ шаҳри аҳолиси билан мулоқот қилди. Самимий ва очиқ ўтган суҳбатда шаҳар фаоллари ва ёшлар Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳаётнинг турли жабҳаларида аниқланаётган долзарб масала ва муаммолар тезкорлик билан ҳал этилаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Top