Тезлик ҳақида ўзи нималарни биламиз? Автомобиль тезлигидан, вақтдан устун келишга уринган самолётларнинг қулаши, тезликдан ағанаган поездларда ҳалок бўлган одамлар ҳақида эшитганингизда ҳеч тезлик – шайтоннинг қуроли экани хаёлингиздан ўтганми?
Ҳаётда тезлик муҳимми ёки диққат? Ҳаракатланиш қанчалар мақсадли бўлса, шундагина тезлик ўзини оқлайди. Тезликнинг аҳамияти шу қадар юқори экан, тўғри йўлдан бориш ундан-да муҳимроқ бўлиши керак.
Интернет тезлиги чўққисига етган давлатларнинг тобора маънавий қашшоқлик домига ғарқ бўлаётгани, миллатларнинг, миллат қиёфасининг эврилиб бораётгани бунинг исботи эмасми?
Бугун ҳар бир интернет фойдаланувчиси интернет учун ойига камида 10 доллар маблағ сарфлайди. Бу – 40 минг сўм, умумий ҳисобда эса деярли 500 минг сўм дегани. Хўш, бу пуллар эвазига интернетдан нима оляпмиз?
Мессенжерларда тарқалаётган беҳаё видео тасвирлар, тонгга қадар давом этувчи бемаъно чатлар, бекорчи овозли суҳбатлар, ижтимоий тармоқларда мақсадсиз сандироқлаш, бўлар-бўлмас фикрлар билан одамларнинг вақтини ўғирлаш... Бундай мисолларни узоқ давом эттириш мумкин. Бироқ, интернет трафик учун йилига 500 минг сарфлаётган ота фарзандига 50 минг сўмга бирор бадиий китоб сотиб олиб бердими? Бугунги кунда китобларнинг ҳатто электрон вариантлари ҳам мавжуд. Интернет фойдаланувчиларнинг неча фоизи смартфонида бирор бир электрон китоб сақлайди?
Бугун шаҳардаги ёки олис тоғли ҳудуддаги инсонга ҳам тезкор интернет керак. Бироқ, хорижий ижтимоий тармоқ ёки мессенжерларни номма-ном санаб бера оладиган ўша одамларнинг фарзандлари уларга билим олишга ёрдам берадиган ZiyoNet сайтининг борлиги, бу сайтда видео, электрон дарсликлар мавжудлиги, у ердан тил ўргатувчи махсус қўлланмаларни юклаб олиш мумкинлигини билмайди.
Интернетга муккасидан кетган одамнинг фарзандига интернет бериб қўйинг-чи, бу одам қанчалар даҳшатга тушади. Боиси - у интернетнинг фақатгина зарарли эканини тан олади, гарчи ўзи шу оламга ғарқ бўлган бўлса ҳам. Бу эса мамлакатдаги интернет фойдаланувчилари сонига жиддий зарар етказади.
Смартфонида мессенжер титкилаётган, мегабайтларни исроф қилиб, ярим тунгача "яқинлари" билан ҳиринглашаётган эркакнинг аёлига осонми? Интернет тезлигининг аҳамиятини ана шу жабрдийдалардан сўраб кўринг. Бугун ажрим талаб қилаётган эр ёки хотинларнинг интернетдаги кичик хатоси бутун бошли оиланинг бошига етган ҳолатларни ҳам кўряпмиз.
Бугун отанинг боласига, ўғилнинг ота-онасига бефарқлигини, одамларнинг майдалашиб, жиззакилашиб, шарм-ҳаёсиз бўлиб бораётганини, ҳасад ва иғвонинг кўпайиб бораётгани, одамларнинг совуққон ва қўпол муносабатини интернетга тўнкайдиганлар ҳам йўқ эмас.















