Хабарингиз бор, 2017 йилнинг 1 августдан 20 август кунига қадар Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)нинг Узлуксиз таълим маркази бўлажак абитуриентлар ҳамда ўз билимини яхшилаб олишни хоҳловчилар учун математика, физика ва инглиз тили бўйича ўқув курсларига онлайн рўйхатга олмоқда.

Мазкур ўқув курсларида касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ҳамда умумтаълим мактабларининг ўқувчилари математика, физика ва инглиз тили фанлари бўйича ўз билимларини ошириш ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва бошқа олий ўқув юртларига бўладиган кириш имтиҳонларига тайёрланиш имкониятига эга бўлишади.

Ўқув курсларидан кўзланган асосий мақсад – ёшлар ўртасида математика ва физика фанларига бўлган қизиқишни ошириш, мазкур фанларга иқтидори бор бўлган ўғил-қизларни кашф этиш ҳамда бу фанларни чуқурроқ ўрганиш учун зарур шароитларни яратиб беришдир.

Тайёрлов курсларида ўқиш учун қуйидаги талабларни бажариш лозим:

3,5 га 4,5 см. ҳажмидаги расм,
паспорт нусхаси,
касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларининг дипломлари ҳамда умумтаълим мактабларининг аттестатлари,
булар бўлмаган тақдирда ўқиш жойидан маълумотнома.

Махсус онлайн шаклга бўлган ҳавола Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг сайтида 2017 йилнинг 1 август куни эълон қилинган. 22-24 август кунлари қабул тестлари ўтказилади, улардан муваффақиятли ўтган ёшлар 2017 йилнинг сентябрь ойида ўқишни бошлашади.

Ёшлар ўз хоҳишларига кўра бир ёки икки академик йил давом этадиган курсларни танлашлари мумкин. Ҳар бир академик йил уч триместрга бўлинади, ҳар бир триместр уч ой давом этади. Ҳар бир семестр якунида тингловчилар мажбурий тарзда имтиҳон топширишади ва фақатгина имтиҳонларни муваффақиятли топширган тингловчилар тайёрлов курсларидаги ўқишларини давом эттиришади.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига киришни ният қилган абитуриентлар учун таълимнинг танланган йўналиши бўйича мажбурий ва ихтиёрий фанлар мавжуд. Масалан, агарда абитуриент «Компьютер ва дастурий инжиниринг» факультетига кирмоқчи бўлса, у математика ва физика фанларини танлаши зарур, «Логистика» факультети учун эса - математика ва инглиз тили.