“Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар элликка кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади”.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти.
 

Эргаш Каримовнинг «замбараги»

— Нечта қўй олдингиз?

— Битта қўзи...

— Ўнта қўй нима бўлади?..

* * *

— "Водопровод" суви керак эмасми? Балки "асфальт" текислайдиган машина керакдир?.. Ўлган бувисига янги кафан, отасига - ароқ заводи, онасига - кампит заводи, синглисига — кийим фабрикаси... сизга эса — замбаракнинг ўқи...

* * *

Зукко ўқувчи бу лавҳалар қайси фильмлардан эканини дарров фаҳмлади. Энг қизиғи, бу фильмлар аллақачон тарихга айланган бўлса-да, ундаги воқеалар бугунги тўйларимиз ҳақида сўзлаётгандек туюлаверади. Нега шундай дейсизми? Негаки, "тўйимиз маҳаллада дув-дув гап бўлсин", деб ҳою ҳавасга берилган Пошшахон бугун исрофу уволдан қўрқмайдиган, тўйдан кейин рўзғори ночорлашиб қолишини хаёлига ҳам келтирмайдиган бугунги айрим аёлларга ўхшамайдими? Ёки ўсал ётган қариндошидан тортиб, куёвнинг божаси, ҳатто "магнитафон жинниси" бўлган кичкинтойларгача сийлаб, "тағин нимани унутдик?" деб турган бурунги кайвонилар бугунгисидан нимаси билан фарқ қилади?

"Артистлар икки "группа" бўлиши керак...". Фильмда келиннинг тоғаси бу гапни айтган пайтда ҳали кўтарма кранли видеостудия ва шоколод ифорини пуфак қилиб сочадиган ускуналар, тўйхонанинг тўрт томонидаги тўй жараёнларини кўрсатиб турадиган улкан мониторлар кашф этилмаган эди. Ёки 10 жуфт қора "Каптива"дан кортеж тузиб, кўча айланишлар бўлмаган. Ёки тўй оқшомида келин ва куёв алоҳида "вальс"га тушиши, икки-уч соатгина турадиган миллионлаб сўмлик саҳна безаклари, "фотосессия", "видеоклип"лар, одам бўйи баробар дабдабали альбомлару Ҳолливуд кинолари сингари дабдабали дисклар бўлмаган. Агар бўлганида борми, бугунги ёшлар бунданда бошқачароқ "ҳунар"ларни ўйлаб топишармиди...