Элдор Асановнинг имло ҳақидаги таҳлилий мақоласи ва Шуҳрат Шокиржоновнинг ахборот соҳасидаги монополияга барҳам бериш зарурати юзасидан ёзган блогпостини катта қониқиш билан ўқидим. Ўз вақтида, эҳтимол, анча кечикиб айтилган рост гаплар.

Бу икки ҳолатни боғлайдиган жиҳатлар кўп. Авваламчи, Асановнинг мақоласи, ҳеч қурса, шунга яқинроқ савиядаги мақола, аслида ўзини ахборот соҳаси монополи ҳисоблайдиган ЎзА каби ташкилотда босилиши керак эди. Халқ, зиёлилар муҳокамасида турган масалага бу қадар эътиборсизлик бош ахборот маҳкамасига ярашгулик иш эмас... Найласинки, ташкилотда масалани шу тарзда қўя оладиган, алоҳида журъатга, билим савиясига эга ходим йўқ.

Иккинчидан, халқ бир хилликдан аллақачон зериккан. Маълумки, тилни бойитадиган учта манба бор: ёзма адабиёт, оғзаки адабиёт, халқ тили. Бизнинг ЎзА эса халқ тилини менсимай қўйганига неча замонлар бўлган. Шу тариқа жонли тил билан адабий тил ўртасида катта жарлик ҳосил бўлган – бири-биридан жуда узоқ ифода услуби ва равиши.

«Ҳар қандай жараён ҳаракатдаги назария» деган гап бор. Истайсизми-йўқми, жонли халқ тили барибир ҳар-хил назариялар-у қоидалардан устун келаверади. Азалдан шундай. Демак, мақолаларни, бир вақтлар мустабид Наполеон қонунларга ишора қилиб айтганидек, ўта тушунарсиз ва мавҳум услубда ёзиш фурсати битди. Чунки, энди ахборотни сақлаб ўлтириш, беркитиш, исталган тарзда талқин этиш, кишилар шаштини сўндирадиган алфозга тақдим этиш, агар буни жуда хоҳлашган тақдирда ҳам, имконсиз бўлиб қолди.  Бу куннинг қизғин ижтимоий-сиёсий воқеликлари ҳамманинг назарида, виртуал муҳокамалар замонида, халқнинг ўзи ёппасига ахборот тарқатувчига айланган паллада содир бўлмоқда.

Шоир Баҳром Рўзимуҳаммаднинг китобига германиялик олима ёзган сўзбошида «тилнинг чарчаганлиги» деган иборани ўқигандим. Унинг қайд этишича, модернистик оқимлар, ноодатий ифода услублари тилга нисбатан ғирром, ўринсиз сиёсат қўлланилган маконда кўпроқ қадрланар, пайдо бўлар экан.  

Ҳар касалнинг ўз шифоси бор, дейдилар. Айни мана шундоқ кунларда фуқаролик журналистикаси – блогерлик кенг тарқалгани, одамларда катта қизиқиш уйғотгани ана шу фактор туфайли бўлса керак. Ахир, одамлар мукаммал «мужмализм»ни эмас, содда, халқчил ифодани, оддийликни соғинган...