Ўзбекистон лотин алифбосида қолгани яхшими ёки кирилл алифбосига қайтиш керакми? Тилшунос Элдор Асанов бу масалага батафсил ёндашиб, кирилл алифбосига қайтиш ёқланган чиқишларга аниқ жавоблар қайтарди.

25 йилдирки, Ўзбекистонда “лотинга ўтиш” сагаси давом этмоқда. Бу борадаги баҳс қай даражада кенг миқёсли эканини, мубоҳаса баъзан ҳаддан ташқари қизиб кетишини, унинг доирасида қайси тарафлар қанақа аргументлар илгари сураётганини батафсил таърифлаб ўтириш, чамамда, ортиқча бўлса керак. Лекин шу кунларда мунозара янги босқичга кўтарилди.

10 август куни интернетда адабиётшунос, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаевнинг президентга мурожаати эълон қилинди [6]. Мактуб ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Ўнлаб журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчилари унга ўз муносабатини билдирди. Интернет сайтларида мақолалар чоп этилди. Кимдир муаллифни давлат раҳбарига ортиқ даражада “пахта қўйиш”да айблаган бўлса, аксарият у берган кирилл алифбосига қайтиш таклифини кескин танқид остига олди. Facebook’да махсус ҳештеглар тарқатилди, жараёнга афғонистонлик, тожикистонлик, қозоғистонлик ва қирғизистонлик ўзбеклар қўшилди. Ҳали ҳеч қачон алифбо атрофидаги баҳслар бу қадар кенг тус олмаган эди. Ижтимоий тармоқларда бошланган кампанияда чет эллик ўзбекларнинг иштирок этгани ҳам катта янгилик бўлди.

Айни пайтда, ушбу жараён Ўзбекистон ахборот майдонининг нуқсонларини фош этиб қўйди. Биринчидан, баҳс маданиятидан йироқ, постҳақиқат фалсафаси негизида ҳис-туйғуга урғу берадиган кишилар аниқ ечимлар таклиф эта олмаслиги, аксинча, вазиятни чигаллаштириши тушуниб етилмади, шекилли, ижтимоий тармоқларда бир-бирининг далилларига эмас, шахсиятига мушт кўтараётганлар кўпчиликни ташкил этаётгандек, назаримда. Иккинчидан, охирги ойларда Ўзбекистон медиасида муайян ўзгаришлар бўлганига қарамай, публицистик матнлар савияси ҳамон пастлигича қолмоқда. Айрим журналистлар ва муаллифлар чиройли сўзларни ипга тизиб чиқишнинг ўзи оммага таъсир қилиш учун кифоя, деган қарашдан воз кеча олмаганки, шаклан оҳудай нозик, мазмунан ўлик тошбақанинг косасидай пуч матнлар дунё юзини кўришда давом этмоқда.

Мана шу икки камчилик бартараф этилса, ўйлайманки, алифбо мубоҳасаси айни керакли ўзанга тушиб олади. Бутун миллат тақдирига дахлдор бундай масалани ҳал этишда бақир-чақир кўтариш, бир-бирининг “овозини ўчириш”, баландпарвоз мақолалар ёзиш, бошқа ғоя тарафдорларини виртуал сазойи қилиш тўғри эмас. Барча ўз фикрини айтиш ва ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга деган универсал ғояга содиқ бўлсаккина бизни-да эшитишади, бизни-да ҳурмат қилишади. Таъсир акс таъсирни келтириб чиқаради. Шундай экан, баҳс иштирокчиларини бир-бирини эшитишга, далилларига эътибор қаратишга, тирноқ ичидан кир қидириш ўрнига биргалашиб аниқ ечимлар устида ўйлашга чақирган бўлар эдим. Зеро барча — бир жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари, бирга яшай олиш учун муроса қилишни ўрганиш керак, ўз фикрини зўрлаб сингдириш эса яхшиликка олиб келмайди. Мавзуга бефарқ бўлмаган журналистлардан ҳам ҳамма айта оладиган қолипли гаплардан қочиб, далиллар, фактларга таянган ҳолда ўқувчиларга тафаккур озуқаси беришни тавсия қиламан.