Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Маълумки, 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида маданият, адабиёт ва санъат соҳасини, жумладан, тасвирий санъат йўналишини ривожлантириш борасидаги долзарб вазифаларни белгилаб, уларни ҳал этиш йўлларини кўрсатиб берди. Ўтган қисқа муддатда ана шу таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан 10 га яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Куни кеча имзоланган «Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор шу йўналишдаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди.
Қарорда халқимизни тасвирий санъат намуналаридан баҳраманд этиш ва дизайн йўналишида фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг ижодий имкониятларидан унумли фойдаланиш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, санъат асарларида миллий ва умуминсоний анъаналарни юксак даражада ифода этишга эришиш, юртимизда ўтказилаётган кўргазмаларнинг бадиий савиясини ошириш, рассомлик ва дизайн соҳасига ихтисослашган таълим тизимини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш борасида муҳим вазифалар белгиланди. Шунингдек, жаҳон миқёсида ўз ўрнига эга бўлган ўзбек тасвирий ва амалий санъати мактабларининг анъаналарини сақлаш ва давом эттириш, замонавий дизайн йўналишлари бўйича фаолият юритаётган истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг янгиланган ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, мазкур қарор асосида Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ва мазкур дастурни амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби тасдиқланди.
Қарорда мамлакатимиз маданий ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қанча масалаларга алоҳида эътибор берилган. Жумладан, Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш мақсадида жаҳондаги етакчи бадиий академиялар, ушбу йўналишдаги таълим муассасалари, ташкилотлар, маданият ва санъат усталари ўртасида ўзаро фойдали тажрибалар алмашишни йўлга қўйиш мақсадида ҳар томонлама ижодий алоқаларни ривожлантириш белгиланган.
















