Ўзбекистон лотин алифбосида қолгани яхшими ёки кирилл алифбосига қайтиш керакми? Айни вақтда ўзбекистонликлар шу мавзуни кенг муҳокама қилмоқда. Tafsilot.uz сайтида шу мавзудаги яна бир мақола нашр этилди.
Истибдод йилларида миллий мустақиллик учун кураш тилга расмий — давлат тили мақомини бериш учун курашдан бошлангани кўпчиликнинг ёдида. 1989 йил 21 октябрь куни «Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди.
Орадан икки йил ўтиб, мустақилликка эришилгандан сўнг лотин алифбосига ўтиш ҳаракатлари бошланди, бунинг учун тегишли ҳужжатлар ҳам қабул қилинди, ўтиш муддатлари белгиланди, бироқ қайсидир сабабларга кўра бу иш охирига етмай қолди ва ушбу муаммо ҳақида гапиришга оғзаки тақиқ қўйилди.
Сўнгги бир йил ичида мамлакат ҳаётида рўй берган воқеалар ошкораликка йўл очаётгани сабабли бошқа масалалар қатори ушбу муаммо ҳам тилга олина бошлади ва тез орада унинг ҳал бўлишига умид уйғонди. Адабиётшунос Шуҳрат Ризаев яқинда «Китоб дунёси» газетаси орқали мамлакат президентига мурожаат қилиб, бошқа масалалар қатори алифбо муаммосини ҳам кўтарди. Ушбу ўта нозик, шу билан бирга, ҳал этилиши мамлакат раҳбариятининг сиёсий иродасини талаб қиладиган масала ижтимоий тармоқларни жунбишга келтирди.
Ҳатто шу кунларда асли Ўзбекистонда туғилмаган ўзбекларнинг ушбу масала юзасидан Ўзбекистон президентига мурожаати интернетда шов-шувларга сабаб бўлмоқда: «Биз лотин ёзуви орқали ота юртимиз Ўзбекистон билан қайта боғлана олдик!.. Биз Ўзбекистонда туғилмаган ўзбеклар куни кеча ўзбекистонлик бир адабиётшунос «кирилл ёзувига қайтайлик» деган очиқ хатни сизнинг қабулхонангизга юборганини эшитиб, ҳақиқатан яна маънавий алоқамиз узилади деган хавотирга бордик» (услуб ва имлоси сақланди).
Албатта, Шуҳрат Ризаевдай олимнинг ушбу муаммони ҳал этишни истаб, таклифни ўртага ташлагани дуруст — паст-баландни билади. Бироқ унинг «лотин алифбоси, мутахассислар фикрича, тилимиз табиатига унчалик мувофиқ эмас» деган гапини адабиётшунос олимнинг гапи дейиш қийин. Агар бу таклифни у эмас, бирор математик ёки кимёгар олим ўртага ташлаганда, филолог эмас-да деб тушунса бўлар эди. Лекин туппа-тузук олимнинг кўра-била туриб, алифбо ҳақида бунақа фикр билдириши одамни ўйга толдиради.
Келинг, гапнинг пўскалласини айтайлик: янги алифбомизнинг бугунги аҳволи учун алифбо эмас, ўзбек тилидаги товушларни ифода этиш учун мос ҳарфларни танлай олмаган, ўзларича араванинг ғилдирагини янгидан «кашф қилган» тилшунос олимлар айбдор.

















