Тан олиб айтиш керакки, агар O‘ va G‘ ҳарфларида муаммо бўлмаганида, алифбо ислоҳоти кун тартибига кўтарилмас эди.

Тасаввур қилинг, O‘ ва G‘ ҳарфлари бинойидек. Шундай вазиятда: “Ҳарф бирикмалари (Sh, Ch, ng) бўйича ўзгариш қилайлик!” дегувчилар бўлармиди?

Бўлганда ҳам, уларнинг сони ҳозирги алифбо ислоҳоти тарафдорларидан неча баробарга кам бўларди?

Юқоридаги мулоҳазадан қуйидагича хулоса келиб чиқади: бизнинг асосий муаммомиз O‘ ва G‘ ҳарфларидан иборат.

Муаммонинг ўзагини ташкил этувчи нарсага қўшиб, долзарблиги йўқ нарсаларни ҳам “тўғрилаш”га уриниш – ислоҳот муваффақиятига соя солади.

Муаммо ядросидан узоқлашиб “ўтлаб кетмаслик”, реаллик билан ҳисоблашиш керак. Акс ҳолда, асосий муаммомизни ҳал қилганимиз билан, даражаси унга тенг бошқа муаммоларни яратиб қўйишимиз мумкин.

Ислоҳот бу – осонлаштириш дегани

Ислоҳ қилинган алифбода ёзиш ҳозиргисидан осонроқ бўлиши керак: O‘ ва G‘ ҳарфларини тузатиш шунга хизмат қилади.

Ислоҳ қилинган алифбода ўқиш ҳозиргисидан осонроқ бўлиши керак: кўз ўрганган ҳарфларни Ş, Ç (С) ёки ŋ шаклига ўтказиш эса аҳолининг ўзгаришларни қабул қилишини мураккаблаштиради ҳам секинлаштиради.

Sh, Ch, ng товушларини битта ҳарф билан ифодалаш тарафдорларининг асосий аргументлари ва нега улар ўринсиз эканини кўриб чиқайлик.

Ўринсиз аргумент 1: Ёзиш тезлашади”

Унутмаслик керакки, Sh ва Ch товушларини ифодалаш учун иккита клавишни босишга мажбур бўлаётганлар фақат ўзбеклар эмас, бу “кўргилик” инглиз тилида ёза оладиган 1,5 миллиардга яқин одамнинг ҳам бошига тушган ва улар бунда муаммо кўрмаяпти.

Тўғри, инглизчада Sh ва Ch товушлари ўзбекчага қараганда анча кам учрайди, лекин бу ўринда атиги 2 та товушдан иборат сўзни 5-6 та ҳарф билан ёзаётган халқлар ҳам кўплигини унутмаслик керак. Масалан, французларга ҳозиргидек тараққиётга эришишда бу “қийинчилик” тўсиқ бўла олмаган.

Умуман, матн териш билан фаол ишлайдиган ватандошларимизнинг кўпида, шахсий фикримча, Sh ва Ch ҳарфларига эътироз йўқ.