Жамият | 08:27 / 20.08.2017
6047
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Туркудаги ҳужумни амалга оширган гумонланувчи номи маълум қилинди

Финляндиянинг Турку шаҳрида пиёдаларга пичоқ билан ҳужум қилганликда 18 ёшли марокашлик Абдулраҳмон исмли шахс гумон қилинмоқда. Шуниси маълумки, шундай исмли йигит 2016 йилда Финляндия ҳудудига кирган.

Turun Sanomat нашри маълумотларига кўра, йигит Турку яқинидаги Пансиода жойлашган қочқинларни қабул қилиш марказида яшаган. Унинг ишини миграция бошқармаси кўриб чиққан ва ОАВнинг норасмий маълумотларига кўра, унга бошпана беришни рад этган.

Марказда яшовчилар йигитни одамови сифатида таърифлашган. Уларнинг айтишича, у кўпинча бир ўзи сайр қилиб юрган ва ҳеч ким билан мулоқот қилмаган. Вақтини яқин орадаги барларда ўйин автоматлари олдида ўтказган.  

“У ёш бўлганига қарамасдан, уни қизлар қизиқтирмаган ва уни бирор марта қўлида телефон билан кўришмаган. У ювошгина ва гўёки ўзининг дунёсида юргандек кўринарди”, деб ўз манбаси сўзларини келтириб ўтган нашр.

Бироқ Финляндия полициясида тергов манфаати йўлида ҳужумда гумон қилинаётган шахс исми ошкор этилмаяпти.

Туркудаги ҳужум 18 августда амалга оширилган. Унинг оқибатида 2 киши ҳалок бўлган, 8 киши яраланган. Жиноятчи воқеа жойида ушланган.

Ҳужумда гумон қилиниб яна 4 киши қўлга олинган, уларнинг барчаси Марокаш фуқароларидир. Бундан ташқари, яна бир гумонланувчи халқаро қидирувга берилган. Полиция дастлаб ишни қотиллик ва қотилликка уриниш сифатида кўраётган бўлган, бироқ кейин уни теракт сифатида таснифлаган.

Ҳужумдан кейин мамлакатнинг жамоат жойлари, порт, вокзал ва аэропортларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. 20 август соат 10.00да мамлакатда ҳужум қурбонлари хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш эълон қилинади.

Мавзуга оид