Россиянинг Курск вилоятига учувчисиз учиш аппаратлари (дрон) билан амалга оширилган ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна олти нафар фуқаро турли даражада жароҳат олди. Бу ҳақда вилоят губернатори Александр Хинштейн маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, дрон Болшесолдатский туманидаги Козиревка қишлоғида жойлашган хусусий уйга келиб урилган. Ҳодиса оқибатида бир инсон ҳалок бўлган, яна олти киши жароҳатланган.
Белгород вилоятида ҳам дронлар ҳужуми оқибатида икки киши жабрланган. Вилоят тезкор штаби маълумотига кўра, Шебекино шаҳрида «Орлан» кўнгиллилар бўлинмаси жангчиларидан бири яраланган.
Яна бир жабрланувчи Маслова Пристан посёлкасида яшовчи эркак бўлиб, унинг автомобилига дрон ҳужум қилган. У мина портлаши жароҳатини олган ҳолда мустақил равишда шифохонага мурожаат қилган.
Айни пайтда Россия пойтахти Москвага ҳам дронлар ҳужуми уюштиришга уриниш бўлгани хабар қилинди. Москва мэри Сергей Собяниннинг маълум қилишича, 6 августга ўтар кечаси шаҳар томон ҳаракатланган учта учувчисиз аппарат ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан йўқ қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида жабрланганлар ёки вайронагарчилик қайд этилмаган.
Шунингдек, Ярославл вилоятида ҳам дронлар ҳужуми хавфи эълон қилинди. Вилоят раҳбари Михаил Евраев Ярославл шаҳридан Москва йўналишига чиқиш қисмида транспорт ҳаракати вақтинча чекланганини маълум қилди. У аҳолидан ушбу йўналиш бўйлаб сафарларни кечиктириш ёки айланма йўллардан фойдаланишни сўради.











