DW хабарига кўра, Киев мэри Виталий Кличко маҳаллий вақт билан соат 21:20 ҳолатига шаҳардаги қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида янгиланган маълумот берган.
Унинг билдиришича, жабрланганларнинг икки нафари болалардир. Ярадорларнинг 25 нафари шаҳар шифохоналарида қолмоқда, улардан бирининг аҳволи оғир.
Офис биноси ва тиббиёт муассасаси зарар кўрди
Кундузги ҳужумда дрон Соломенский туманидаги офис биносига урилган. Бинонинг ташқи қисми шикастланган, деразалари синган ва яқиндаги автотураргоҳда машиналар ёниб кетган. Дастлаб автотураргоҳда уч кишининг жасади топилгани хабар қилинган, кейинроқ қурбонлар сони тўрт нафарга етган.
Кличко шу тумандаги яна бир тиббиёт муассасаси ҳам Россия ҳужуми оқибатида зарар кўрганини билдирган. Муассаса яқинида бўлган уч киши, жумладан, бир бола шифохонага ётқизилган.
Украина президенти Володимир Зеленский ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. Унинг маълум қилишича, Киевда McDonaldʼs фойдаланадиган озиқ-овқат омборига ҳам дрон зарбаси берилган.
Зеленский Россия ҳужумлари Америка ва бошқа мамлакатлар бизнеси, маълумотлар марказлари ҳамда интернет-провайдерларга ҳам қаратилганини айтиб, бу одамларнинг алоқада бўлиши, ўқиши ва ишлашига тўсқинлик қилаётганини таъкидлаган.
Тунги ҳужумда 14 ёшли бола ҳалок бўлди
25 сентябрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг бир нечта ҳудудига кенг кўламли ҳужум уюштирган.
Киевнинг Соломенский туманида дрон 25 қаватли турар жойнинг тўртинчи қаватига, Печерский туманида эса кўп қаватли уйнинг 7–10-қаватлари қисмига келиб урилган.
Кличконинг эрталабки маълумотига кўра, тунги ҳужумда 14 ёшли бола ҳалок бўлган. Кейинроқ Исроилнинг Украинадаги элчихонаси у Исроил фуқароси эканини билдирган. Боланинг онаси ҳам ҳужумда яраланган.
Бошқа ҳудудлардаги оқибатлар
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотига кўра, Киев вилоятининг уч тумани Россия зарбаларига учраган. Ҳужумлардан кейин ёғочга ишлов бериш корхонаси, омбор, хусусий уйлар ва автомобилларда ёнғин чиққан. Дастлабки маълумотларга кўра, бу ҳудудларда жабрланганлар бўлмаган.

















