Маълумки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 25 август куни «Бунёдкор» стадионида Қирғизистон терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.

Бу ўртоқлик учрашуви миллий терма жамоамизнинг 2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг Хитой (31 август) ва Жанубий Корея (5 сентябрь) га қарши саралаш учрашувлари учун тайёргарлик вазифасини ўтаб бериши керак.

Ўзбекистон Футбол федерацияси ходими Chempionat.asia сайтига маълум қилишича, ушбу футбол учрашуви ТВда трансляция, интернет сайтларда онлайн трансляция қилинмай, мухлислар стадионга қўйилмаслиги маълум қилиниб, Қирғизистон терма жамоасининг талаби билан амалга оширилганини ёзиб чиққан эди. Кейинроқ ЎФФ расмий сайтида бу ўйинга оид барча расмий маълумотлар тақдим этилиши айтилган.

Кейинроқ ўша расмий хабар ЎФФ сайтида эълон қилинди:

«Ўзбекистон Футбол Федерациясининг қарорига кўра, 25 август кунига белгиланган Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув ёпиқ тарзда ўтказилади».

Яъни, бу қарорга барибир Қирғизистон томони эмас, Ўзбекистон футбол федерацияси келганлиги тан олинди.

«Ушбу ўйинни ташкил этиш бўйича ўтказилган музокаралар давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўйинчини алмаштириш имкониятидан чекланмаган миқдорда фойдаланишга ўзаро келишиб олганлиги муносабати билан ўйин халқаро ўртоқлик учрашуви мақомига эга бўлмайди».

Тушунарли. Лекин, ҳар қандай футбол мухлислар учун эмасми?

«Футбол қоидалари»нинг майдондаги ўйинчиларнинг сони ҳақидаги 3-бандига кўра, миллий терма жамоаларнинг халқаро ўйинларида кўпи билан бир жамоадан 6 футболчининг алмаштирилишига рухсат берилади. 6 футболчидан кўп ўйинчи алмаштирилган ўйинга «назорат учрашуви» мақоми берилади ва у ФИФАнинг халқаро тақвимида рўйхатга қўйилмайди. Шу сабабли, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўйин назорат ўйини сифатида даражаланади ва ФИФА рейтингини ҳисоблашда инобатга олинмайди».

Яхши... Бу ҳам тушунарли. Мухлислар-чи?