23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти «Судлар ва адлия органлари фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорини имзолади. Ҳужжат матни президент матбуот хизмати томонидан келтирилган.

Қарордан мақсад суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада таъминлаш, судлар, адлия органлари ва муассасаларининг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, улар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳисобланади.

Қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Адлия вазирлиги ва Молия вазирлигининг Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда унинг Ижро этувчи дирекцияси тугатилиб, Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси даромадларини шакллантириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:
жиноий, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар томонидан кўриб чиқиладиган ишлар бўйича давлат божлари тўлашдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушаётган суммаларнинг 16 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

жиноий, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва ҳарбий судлар томонидан кўриб чиқиладиган ишлар бўйича жарималар тўлашдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушаётган суммаларнинг 16 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

ижро иши бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундирилган суммадан 24 фоиз миқдоридаги ажратмалар, қарздорнинг мол-мулкини сотиш ҳисобига солиқ қарздорлигини ундириш бундан мустасно;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар.

Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси бошқарадиган Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси Кузатув кенгаши (кейинги ўринларда – Кузатув кенгаши) томонидан амалга оширилади.