Терма жамоамиз саралаш ўйинлари сўнгги босқичида 9 ўйинда атиги 6 гол ура олди холос. Кўпинча, журналистлар ёки мухлислар томонидан терма жамоамиз асосий таркибида нега айнан Игорь Сергеев майдонга тушаётгани ҳақида саволлар кўп янграйди. Нафақат терма жамоа, балки клубида ҳам гол урмай қўйган футболчи нега доим майдонда ҳаракат қилади?
Одатда, Самвел Бабаян Сергеевнинг тўпсиз жуда яхши ҳаракат қилишини, кўрсатмаларни тўғри амалга оширишини, ҳимояланишда жамоага катта ёрдам беришини айтади. Футболни тушунмаган биз каби одамлар, албатта, ўйинларни бошқача кўз билан кўрамиз, балки биз илғамаётган жиҳатлар бордир, дейишга мажбур қилишади доим.
Қўшиламан, агар ҳужумчи ҳимоячиларга доимий босим уюштирса, тўпсиз ҳаракатлари орқали, жамоадошларига имконият яратиб беришни уддаласа, ҳужумчига эътирозлар кам бўлади. Мисол учун, «Реал»да Карим Бензема деган ҳужумчи бор. Қачонки, Роналду ёки Исколар тинмай гол уриб, қулай вазиятларга эга бўлаётган эканлар, Бенземага эътироз билдириш қийин - у тўпсиз ҳаракат қиляпти, шерикларига зоналар очиб беряпти, жамоа ғалаба қозоняпти. Аммо агар жамоада ҳеч ким гол урмай қўйса, энг аввало ҳужумчидан сўралади. Энди, унинг тўпсиз ҳаракат қилиши, ҳимояланаши, зоналар очиши иккинчи даражага чиқади.
Хўп, келинг, Бабаяннинг гапига кўнган тақдиримизда ҳам, бир икки ҳолат орқали, Сергеевнинг аслида қандай ҳаракатланишига, унинг майдондаги интелектуал салоҳияти - савиясига, вазиятни ҳис қилиш қобилиятига назар ташлаб кўрамиз.
Биринчи таймда терма жамоамиз томонидан ташкил қилинган ягона хавфли вазиятга эътиборингизни қаратаман:
Элдор Шомуродов чап қанотдан жарима майдонига кириб борди ва ҳимоячини деярли доғда қолдирди. Аммо кичик зонада таъқибдан бутунлай қутулишнинг имкони йўқ, Элдор тезроқ тўпни шерикларига етказиб бериш керак. Хўш, кимга?

Сергеев Элдорнинг ҳимоячини алдаб ўтишини бошида кутмагандир, майли, аммо мана шу расмда кўриб турганингиздақа ҳолат юзага келганида ҳам жойидан қимирламади. Сергеев Шомуродов томонга ҳаракатланиши ва ҳимоячилардан бирини эргаштириши ёки унданам идеал вариант, узоқ бурчакка, бўш дарвозага тўпни киритиш учун ҳаракатланиши керак эди. Мана шу ерда Сергеев турган ва қимирламаётган нуқта ҳужумчи учун, зарба учун идеал позициями?























