Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётида рўй бераётган ўзгаришлар, қолаверса, миллий иқтисодиёт рақобатдошлигини янада ошириш зарурати мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, институционал ва таркибий янгиланишларни давом эттиришни тақозо этмоқда. Шу маънода давлат раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бу борада муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди, дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Бахтиёр Якубов.
Мамлакатнинг кейинги беш йиллик истиқболи акс этган мазкур стратегияда белгиланган вазифалар бугун амалиётда ўз исботини топмоқда. Айниқса унинг иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш деб номланган учинчи йўналишида кўрсатилган чора-тадбирларни рўёбга чиқариш учун миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш каби устувор вазифаларга эътибор қаратилган. Шу маънода Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон айнан ушбу долзарб вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади, десак сира муболаға бўлмайди.
Маълумки, хоҳ у қарор бўлсин ёки фармон унинг қабул қилиниши замирида муҳим ҳаётий зарурат ётади. Таъкидлаш жоизки, эркин конвертациянинг мавжуд эмаслиги мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан ҳисобланарди. Қолаверса, бозор талабларига мос келмайдиган валюта сиёсати экспортчилар фаолиятига тўсқинлик қилиб, давлатнинг экспортга йўналтирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш сиёсатининг самарадорлигини ҳам бирмунча пасайтирар эди. Хусусан, партия томонидан ўтказилган қатор тадбирларда тадбиркорлар ушбу оғриқли масалага тўхталиб, валюта муомаласига ҳаддан ташқари маъмурий аралашув мавжудлиги, бунинг оқибатида алоҳида тармоқлар ва хўжалик юритувчи субъектлар учун берилаётган асосий имтиёз ва преференцияларнинг кам самарали тизими шаклланганини қайд этиб келишаётган эди.
Бунинг натижасида мамлакатда бизнес юритиш борасида тенг бўлмаган шарт-шароитлар вужудга келди, рақобат тамойилларининг бузилиши каби ҳолатлар кузатилди. Бу хорижий инвестицияларни жалб қилиш, товар ва хизматлар экспорти, умуман мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади, албатта.
Мазкур йўналишда кўзга ташланган шу ва бошқа камчиликлар илғор хориж тажрибасини ўрганган ҳолда мамлакатимизда валюта сиёсатини қайта кўриб чиқиш ва шу асосда соҳани либераллаштиришни тақозо этди.










