Миллий терма жамоамиз ҳамма нарса ўзига боғлиқ бўла туриб, имкониятни бой берди. Тўғри, ҳисоб бўйича ютқазмади, лекин амалда шармандали мағлуб бўлди. «Шармандали» деганимнинг боиси ўз уйида тўп сура туриб, рақибга етарли босим ўтказа олмади, футболчиларнинг кўзи ёнмади, ҳатти-ҳаракатларида шиддат, шижоат етишмади. Иккинчи бўлимнинг катта қисми ўтиб, ўйин ўз якуни томон яқинлашиш арафасида футболчиларимиз белидан балчиққа ботган эшак аравадек имиллаб юришини кўрган шарҳловчи Константин Генич ҳам «ўйин суръатидан Ўзбекистонга ғалаба сув ва ҳаводек зарур деган таассурот уйғонмайди», дея ҳайратини яширмади.
Ўйлайманки, барча эҳтиросларни жиловлаб, дўппини бир четга олиб қўйиб фикр юритиш пайти келди. Чунки, орадан бир-икки кун вақт ўтди, оз-моз совугандек бўлдик. Шундай экан, келинг ҳаммамизни бирдек безовта қилаётган бош мураббий масаласини кўриб чиқамиз.
Тўғри, футболда биздан «бир-икки кўйлак ортиқ йиртган» мамлакатларда мағлубият ёки инқироз (ҳозирги ҳолатимизни шу сўз яхшироқ ифодалайди) учун кимнидир айбдор қилишмайди, балки бутун тизим қайта кўриб чиқилади. Лекин қандай қарорга келинишидан қатъи назар, аввало бош мураббий қайд этган натижалар чуқур таҳлил ва тафтиш қилинади. Кўп ҳолларда мураббийни алмаштириш биз билган ўша тизимли ва таркибий ўзгаришларнинг ажралмас қисми бўлади. Истаймизми йўқми, терма жамоа натижалари учун асосий жавобгарлик бош мураббий зиммасида.
Бош мураббий рисолада қандай бўлиши керак? Унинг шахсиятига қандай талаблар қўйилади? Бизнинг муҳтарам Самвел Бабаян бу талабларга нечоғлик жавоб беради? Қайси омиллар бўйича унинг кучли ва кучсиз жиҳатларига баҳо бериш мумкин?
Ижозатингиз билан, бу ерда мен чайналиб мағзаваси чиқиб кетган масала - тактик ўйин сифатига эътибор қаратмоқчи эмасман. Чунки Бабаян «услуби»да ва жамоасида тактика умуман кўзга ташлангани йўқ. Йўқ нарсани эса муҳокама қилиб ҳам бўлмайди.
Биринчи омил. Ғолиблик руҳияти
Бу Бабаян «услуби»даги энг заиф элемент бўлса ажабмас. «Йигитларимиз» (киноя учун узр) ватан шаъни учун ёнишлари, жонларини жабборга беришлари керак бўлган дамларда майдонда мақсадсиз тошбақадек судралиб юришди. Боксчиларимизни эсланг, азизлар! Ҳатто улар мағлуб бўлган жангларда ҳам улар ҳақиқий жасорат кўрсатишди. Ишонсангиз, Жанубий Корея билан учрашув якунланиб бораркан, Ҳасанбой Дўсматов ва Исроил Мадримов мағлуб бўлган бокс жанглари кўз ўнгимда кино лентасидек ўтиб турди. Шаҳрам Ғиёсовнинг финал жангини эса гапирмаса ҳам бўлади. Қоним қайнади! Худди севимли қаҳрамонимиз каби телевизорни ойнадан улоқтиргим келди. «Онамдан қолган тошойна қани» дея ҳайқиргим келди. Барча ишқибозлар шундай ҳолда ўтиришганига шубҳам йўқ. Футболчиларимизга жангчи қони, жангчи руҳи очиқчасига етишмади.












