Бир ойча аввал эълон қилинган «Фуқароликни йўқотиш масалаларини расмийлаштириш бўйича материаллар тайёрлаш тартиби ҳақидаги йўриқнома» ўқувчиларни жуда қизиқтириб қолди. Norma.uz таҳририятига чет элга кўчиб кетган ва хорижий давлат фуқаролигини олган шахслардан кўплаб мурожаатлар бўлаяпти. Шундай саволларнинг баъзиларига порталнинг эксперти Олег Заманов жавоб берди.

— Шарҳни ўқиб чиқишганидан сўнг хорижда бўлиб турган айрим фуқароларимизда ким хорижий давлат фуқаролигини олган бўлса, автоматик равишда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотганмиз, деб ўйлашмоқда. Шундайми?

— Йўқ. Бу масалада бир неча ўта муҳим жиҳатлар бор ва уларни назардан қочирмаслик керак бўлади.

Биринчиси. Ҳамюртимиз хорижий давлат фуқаросига айланган сана муҳим рол ўйнайди. Эслатиб ўтамиз, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилиш мамлакатимиз фуқаролигини йўқотиш учун асос бўлиши ҳақидаги модда «Фуқаролик тўғрисида»ги Қонунга қўшилганига бир йилча бўлди (23.09.2016 йилда — таҳр.).

Бу тузатиш 2016 йил 24 сентябрдан кучга кирди. Шу санагача хорижий давлат фуқаролигини олган шахслар бу асосда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотишмайди. Агар фуқароликни йўқотиш учун бошқа асослар бўлмаса («Фуқаролик тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасига қаранг) ва инсон фуқароликдан чиқиш учун ариза бермаган бўлса, у мамлакатимиз фуқаролиги ҳуқуқий статусини сақлаб қолади.

Иккинчидан. Агар хорижий давлат фуқаролиги ҳаттоки 24.09.2016 йилдан кейин олинган бўлса ҳам бизнинг фуқаролигимиз фақат Президентнинг тегишли фармони имзоланган кундан кейингина йўқотилади. Таъкидлаб ўтамиз: қонунга тузатишлар киритилган кундан ёки бошқа давлат фуқаролигини олган санадан эътиборан эмас.