Мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан жиноят содир қилишда иштирок этмаган шахснинг жиноят қуроли сифатида фойдаланилган мулкини мусодара қилишни тақиқлашга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, деб хабар бермоқда адлия вазирлиги расмий сайти.
Лойиҳага асосан эндиликда фақатгина содир этилган жиноят иштирокчиси бўлган шахсга тегишли жиноят қуролларини мусодара қилиш лозим бўлади.
Лойиҳага кўра маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахснинг хусусий мулки бўлмаган мулкни мусодара қилиш ҳам тақиқланмоқда.
Бугунги кунда Жиноят процессуал кодексининг 211-моддасига асосан жиноят қуроллари, кимга тегишлилигидан қатъи назар, мусодара қилинади ва тегишли муассасаларга топширилади ёки йўқ қилинади.
Ушбу қоидадан келиб чиқиб, мулкдорлар жиноят содир этишда қатнашмаган, иштирокчи, гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкум бўлмаганлигидан қатъи назар, уларнинг мулки бўлган жиноят қуроллари мусодара қилинади.
Шу сабабли, ҳозирги кунда амалиётда мол-мулк эгаларининг содир қилинган жиноятга дахли бўлмаганлиги, мулк ижарага берилганлиги ёки ташкилотнинг хизматда фойдаланиш лозим бўлган мулкидан жиноят содир қилишда фойдаланилганлиги каби ҳолатлар инобатга олинмасдан, мулкдорлар мулк ҳуқуқидан маҳрум этилмоқда.
Шу муносабат билан, лойиҳа хусусий мулк кафолатларини таъминлашга ҳамда мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишни кучайтиришга, хусусан жиноят иштирокчиси бўлмаган шахсларнинг жиноят содир этишда фойдаланилган мол-мулкини мусодара қилишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа Ҳукуматда маъқулланиб, ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига таққослаш жадвали билан бу ерда танишишингиз мумкин.
Мавзуга оид
18:54 / 25.10.2024
Ўзбекистонда сотилган энг қиммат ва антиквар автомобил ҳақида маълумот берилди
18:23 / 26.08.2024
Қийноқ оқибатидаги ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилади
20:50 / 07.08.2024
Ўзбошимча эгалланган ер қандай қонунийлаштирилади? Янги қонун бўйича мутахассис билан суҳбат
09:43 / 24.07.2024