12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3268 сонли қарори қабул қилинди. Қарор матни Президентнинг расмий сайтида эълон қилинди.

Президент қарорига кўра, бир қатор идора ва ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилаётган аҳолининг кам таъминланган қатламини 2017–2018 йилларда ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳудудий манзилли дастурлари маъқулланган.

Ушбу ҳудудий манзилли дастурлар қуйидагиларни назарда тутади:

а) меҳнат билан бандликнинг маълум бир турлари билан шуғулланиш истагида бўлган кам таъминланган оилаларга уларнинг оиласини ўзига етарлилигини таъминловчи микрокредитлар тижорат банкларининг имтиёзли кредитлаш махсус фонди маблағлари ҳисобидан қуйидаги мақсадларга ажратилади:

- тикув машиналари, матолар ва бошқа сарф материаллари, косибчилик фаолияти учун инвентарлар, маиший, компьютер ва бошқа техникалар, шунингдек, меҳнат билан бандликни таъминловчи бошқа асбоб-ускуналар харид қилиш учун;

- шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш (мини-иссиқхоналар барпо этиш, чорва моллари, парранда сотиб олиш, оғилхона ва товуқхона қуриш, боғдорчилик инвентарлари ва асбоблари харид қилиш) ва уй жой таъмири учун;

б) оғир уй-жой ва маиший шароитларда яшовчи, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парваришлаётган оилаларга қуйидаги мақсадларда беғараз ёрдам кўрсатилади:

- 2017 ва 2018 йилларда республикада уй-жойи бўлмаган ёки авария ҳолатидаги ва путурдан кетган уй-жойларда яшовчи ҳар бир тумандан 2 та, ҳар бир шаҳардан эса 5 оилага 10 йил мобайнида ихтиёрига олиш ҳуқуқисиз арзон уй-жойлар харид қилишда;

- 2017 ва 2018 йилларда республикадаги туманларнинг ҳар биридан 10 та, шаҳарлардан эса 25 та кам таъминланган оилага тураржой таъмири (томни таъмирлаш, янги пол ўрнатиш, деразаларни алмаштириш ва ш.к.) ўтказишда;

- республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳаридан 70 тадан оилага ҳар йили маиший техника (газ ва электр печлар, музлаткичлар, тикув машиналари ва ш.к.) ёки бир бош йирик шохли қорамол харид қилишда;

- республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳарида оғир касали мавжуд, даволатиш учун тўлов қилишда маблағи йўқлиги аниқланган ўртача 6 тагача кам таъминланган оилага тиббий хизматларини тўлашда.

Президент Қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошида Жамоатчилик ишлари фонди тузилади.