Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги қарорига кўра, пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ўрнида «замонавий ҳамда юқори технологияли маданият ва истироҳат боғи» қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
60 миллион долларга баҳоланган лойиҳа инвестори «Stargate Systems» МЧЖнинг концепциясига кўра, реконструкция қилинган ва замонавийлаштирилган янги боғ ҳар куни 10 минг нафар ташриф буюрувчига хизмат кўрсата олади.
Майдони кўл билан бирга 20,79 гектарни ташкил қилувчи боғ аҳоли, биринчи навбатда, ёшларнинг «юқори сифатли, жаҳон стандартлари даражасидаги маданий-маърифий хизматларга» бўлган эҳтиёжини қондириши лозим, дея таъкидланади қарорда.
Маълумотларга кўра, эртадан Миллий боғ ёпилади. 1 октябрга қадар боғ ҳудудидаги бинолар бузилади, аттракционлар олиб ташланади. 1 ноябрда эса, боғнинг шу ҳудуди узоқ муддатли ижара учун инвесторга берилади. Ижара муддати лойиҳа якунлангандан кейин 49 йилга тенг бўлади. Янги боғ 2021 йилнинг 1 январь кунигача фойдаланишга топширилиши керак.
Замонавий боғда амфитеатр, рангли фаввора, аттракционлар ва ҳордиқ чиқариш учун бошқа кўплаб кўнгилочар объектлар қурилади. Жумладан, боғда иккита «Америка тепаликлари» аттракциони, иккита болалар автодроми, интерактив поезд, лабиринт, сёрфинг билан шуғулланиш учун сунъий тўлқинли сув иншооти, шунингдек тўртта қўлга ўргатилган дельфин иштирокидаги шоу-дастур учун дельфинарий очилиши кутилмоқда.
Сиёсий фанлар доктори ва психология фанлари номзоди, профессор, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Музокаралар лабораторияси мудири ва Амалий дипломатия кафедраси профессори, Фавқулодда ва Мухтор Элчи Алишер Омонуллаевич Файзуллаев ўзининг Facebook'даги саҳифасида ушбу боғ қурилиши билан боғлиқ мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Алишер Навоий номидаги Миллий боғ ўрнида барпо этиладиган «юқори технологияли маданият ва истироҳат боғи» ҳақида
Ростини айтаман: бу лойиҳа менинг кўнглимни жуда хира қилди. Ҳозир жаҳоннинг бирор жойида шаҳар ўртасида бундай катта аттракционлар қурилмаяпти. Таклиф этилган лойиҳа шаҳар чеккасида қурилса, уни қўллаб-қувватлардим. Миллий боғ мақомига эга, жамоатчилик соҳили бўлган, шаҳар учун тарихий яшил гўша ўрнида нафақат аттракционлар ва дельфинарий, балки йирик савдо мажмуаси ҳам қурилиши кўзда тутилмоқда. Яна қайтараман, шаҳар чеккасида, қандайдир бўш ётган ер топиб, ўша ерни ободонлаштиришганда бошқа гап эди.

















