Американинг Apple компанияси iOS 11 дастурий таъминотининг якуний намунасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилмоқда.
"Сешанба куни дунёдаги iPhone ва iPad фойдаланувчилари ўз қурилмаларига муҳим янгиланиш — iOS 11 ... мобиль дастурий таъминоти ва iPad тарихидаги энг йирик дастурни ўрнатиш имконига эга бўлишди", — дейилади хабарда.
Янгича iPad

Экраннинг қуйи қисмида жойлашган иловалар панели (dock) кўринишини ўзгартириб, компания компьютерларидаги тасвирни ёдга сола бошлади. Apple корпорациясининг ўз изоҳида қайд этишича, панелга жойланган ёки сўнгги ишга туширилган иловани бошқа фаол дастурлардан аввал ишга тушириш мумкин.
Гап икки тартиб хусусида бормоқда. Хусусан, slide over тартибида фойдаланувчи гўёки янги иловага "назар ташлайди", бунда аввалроқ ишга туширилган илова ишлашда давом этади. Яна бир split view тартибида фойдаланувчи бир вақтнинг ўзида иккита илова билан ишлайди. Split view, шунингдек, Safari браузерида ҳам ишлаш имконини тақдим этади.
Бошқарув пункти ҳам сезиларли ўзгарган (экраннинг қуйи қисмидан чиқарилади). Бундан ташқари, турли иловалар ва созламалар тимсолларидан ташқари ишга туширилган иловалар ҳам акс этади.
AppStore, Siri ва камера
Яна бир янгилик иловалар дўконига доир. AppStore дизайни кескин ўзгаришларга учраган. "Бугун", "Ўйинлар", "Иловалар" каби бўлимлар пайдо бўлди. "Бугун" бўлимида кун иловаси ва ўйини ҳамда мавзуга доир танланмалар таклиф этилади.

Компания, шунингдек, Siri ёрдамчисининг овозини ҳам ўзгартирди. ("Салом, Siri" ибораси билан чақирилади). У табиийроқ ва ифодалироқ бўлгани таъкидланмоқда. Шу билан бирга, Siri инглизча сўз ва ибораларни хитой, француз, немис, итальян ва испан тилларига таржима қилишни ҳам ўрганди.
Камеранинг "Портрет" тартиби, эндиликда, оптик барқарорлаштиргич, HDR ва True Tone ёритқичини қўллаб-қувватлайди. Барча фото ва видео янги дастурий таъминотда янгича форматларда сақланади ва қурилма хотирасида икки марта камроқ жой эгаллайди. "Камера" иловасида QR-кодлар ва ҳужжатларни сканлаш имконияти тақдим этилган.
















