Apple компанияси М6 процессори базасидаги янги 14 дюймли MacBook Pro‘ни тақдим этди. Қурилмага 28 октябрдан бошлаб олдиндан буюртма бериш мумкин бўлади, сотувга эса 6 ноябрдан чиқади.
Компания хабарига кўра, янги М6 чипининг техник кўрсаткичлари аввалги авлодникидан сезиларли даражада фарқ қилади. Унинг 12 ядроли график процессори 30 фоизгача тезроқ ишлайди, сунъий интеллект вазифаларига жавоб берувчи иккита 16 ядроли Neural Engine блоки эса М5 га қараганда унумдорликни 1,9 баробаргача оширади.

Бунинг натижасида фойдаланувчилар 3D-моделлаштириш, ўйинлар ва фотосуратларни таҳрирлаш билан боғлиқ вазифаларни тезроқ бажариши, шунингдек, катта тил моделларига (LLM) бўлган сўровларни бевосита макбукнинг ўзида самарали қайта ишлаши мумкин.

Шу билан бирга, янги қурилма Mac компьютерлари орасида рекорд даражадаги автоном ишлаш вақтини — қувватланмасдан 24 соатгача ишлашни ваъда қилмоқда. Аккумуляторни атиги ярим соат ичида 50 фоизгача қувватлантириш мумкин.

Шунингдек, макбук Wi-Fi 7 ва Bluetooth 6 стандартларини қўллаб-қувватлайди ҳамда 12 мегапикселли камера ва учта Thunderbolt 4 портига эга бўлди. Базавий комплектацияда у 16 гигабайт тезкор хотира билан жиҳозланган бўлиб, уни 32 ГБ гача кенгайтириш имконияти мавжуд. Қурилма кумушранг ва қора рангларда, 1999 доллардан бошланадиган нархда сотувга чиқади.
Apple компаниясининг таъкидлашича, 2020 йилда чиқарилган М1 процессорли моделлардан янгисига ўтаётган фойдаланувчилар учун унумдорликнинг ўсиши айниқса сезиларли бўлади: графика 11 баробар, сунъий интеллект эса 13 баробар тезлашади.

















