Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида ўзбекистонлик ватандошлар учрашгани ҳақида хабар берилганди. Kun.uz​ мухбири унда иштирок этган юртдошларимиздан бири билан боғланиб, унинг учрашувдан кейинги таассуротларига қизиқди.

«Бу жуда самимий ва фавқулодда қизиқарли ўтди. Очиғини айтсам, мен ўзим ҳам жуда ҳаяжонландим, лекин Президентимизнинг дўстона гаплари, бизга нисбатан берган юқори баҳоси - ҳаммамизни дарҳол тинчлантирди», дейди Ҳарвард талабаси Нилуфар Кўчимова.

Нью-Йоркда ташкил этилган учрашувда турли соҳа вакиллари бўлган 18 нафар ўзбекистонлик иштирок этди. Улардан аксарияти АҚШнинг молиявий пойтахтида яшайди, шунингдек, мамлакатнинг обрўли компанияларида меҳнат қилади.

«Шавкат Мирзиёев бу ердаги қайнаб турган ҳаётни кўриб, атрофдаги одамларнинг ҳаммаси ўз ишлари билан машғул эканлигига гувоҳ бўлиб, бизга ҳавас қилаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, мана шундай улкан жамиятда ҳар биримиз тинмай ҳаракатда бўлиб, ўз мақсадларимиз сари илдам бораётганимиздан ниҳоятда ғурурланишини билдирди. Мамлакатимиз ҳам ривожланиши ва юксалишида мана шундай давлатлар тажрибасидан фойдаланишимиз, бу ерда олган билим ва маҳоратларимиз юртимиз равнақи учун сарфланиши зарурлигини айтиб, яхши ишларга чорлади», дейди ҳамсуҳбат.

Нилуфар давлат раҳбарининг «исталган пайтда Ўзбекистонга қайтиб, халқимиз учун хизмат қилиш, бу борада эса ватандошларга зарур ҳамма шарт-шароитлар яратиб берилишини» билдиргани ҳақида айтиб берди. Нилуфар Кўчимова учрашувда иштирок этган ўзбекистонликлардан бири бўлиб, у президент олдида сўзлаш учун нутқ тайёрлаган. Қуйида унинг нутқи матни келтирилади:

«Ассалому алайкум, ҳурматли Шавкат Миромонович! Аввалам бор, муҳим ишларингиз бўлишига қарамай, қимматли вақтингизни аямасдан биз билан учрашаётганингиз учун сизга катта раҳмат. Шу фурсатдан фойдаланиб, ушбу учрашувни ташкиллаштирган инсонларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Мен, Нилуфар Кўчимова, 23 ёшдаман. Бу йил Ҳарвард университети, ҳуқуқшунослик факультетининг магистратура бўлимига ўқишга кирдим. Ушбу нуфузли университетга ўқишга топширишимга сизнинг нутқларингиз ҳам катта туртки бўлди! Президентлик фаолиятингизнинг илк кунлариданоқ мамлакатимиздаги қонун ҳимоя қилиш органлари камчиликларни танқид қилдингиз, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тизимлардаги ходимларни ўз вазифаларини ҳаққоний бажаришларини талаб қилдингиз. Бу соҳадаги камчиликларни бартараф қилиш, бегуноҳларни оқлаш ҳақидаги нутқларингиз нафақат бизнинг оиламиз, балки республикамиздаги минглаб кишиларнинг кўнглидаги гаплар эди.

Ўшанда мен учун азиз бўлган инсон юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида тинмай қилган меҳнатларига қарамай, ноҳақ туҳматлар билан айблангани туфайли оиламиз изтиробда эди. Ўша кунларда сизнинг нутқларингизни эшитиб, жиноий жавобгарликка ноҳақ тортилган кўплаб бегуноҳ кишиларнинг оила аъзоларини кўзларига ёш олиб, сизни дуо қилишганини гувоҳи бўлдик. Сизнинг айни ўша талабларингиз туфайли кўплар қаторида менинг дадам ҳам озодликка чиқдилар. Бунинг учун биз сиздан жуда миннатдормиз!