Ўзбекистон Республикаси президенти виртуал қабулхонаси ишга туширилганига бир йил тўлди. Ушбу муносабат билан «Халқ сўзи» газетасида мақола эълон қилинди. Қуйида ушбу мақола билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Халқ билан мулоқотнинг ноёб тизими фуқароларнинг давлат органлари билан тўғридан-тўғри муносабат ўрнатиш имконини берди. Бир йил давомида синовдан ўтиб, тобора такомиллаштирилиб борилган ушбу механизм дунё ҳамжамиятига чинакам демократия йўлидаги муваффақиятларимиздан бири сифатида намойиш этилди. Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг юксак минбаридан туриб, халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш механизмларини мустаҳкамлашни глобал мақсад сифатида белгилаб, мамлакатимиз барча ҳудудида Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилганини ҳамда ҳозирги кунгача бир миллиондан ортиқ фуқароларимиз бу қабулхоналар орқали ўзларининг долзарб муаммоларини ҳал қилганини таъкидлаб ўтди.

Халқ ҳокимиятчилиги тўғридан-тўғри мулоқот, яъни «фуқаро — давлат» ғоясида мужассам бўлган энг муҳим тамойиллардан бири ҳисобланади. Бу сўнгги пайтларда мамлакатимизда барча соҳада кечаётган ислоҳотларни ўзаро узвий боғлаб турадиган асосий негиз сифатида кўзга ташланмоқда. Бу борада юртдошларимиз ҳамжиҳатликда мамлакатимизнинг яқин истиқболдаги «йўл харитаси»ни ишлаб чиққани ҳамда у жамоатчилик муҳокамасидан сўнг тасдиқланганини эслашнинг ўзи кифоя. Бугун халқаро экспертлар алоҳида эътироф этишмоқдаки, агар Ўзбекистонда бошланган ўзгаришларнинг туб моҳиятини тушунишни истасангиз, Ҳаракатлар стратегиясини синчковлик билан ўрганиб чиқишингиз керак, шунда барчасини англаб оласиз. Айтиш жоизки, юртдошларимизни, очиғи, кўп ўйлатган, кўнглини бир қадар безовта қилган, ўзига хос нозик муаммо ҳам ечимини топди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, кўп сонли мурожаатлар асосида ўрганилиб, мактабларда 10-синф қайта тикланди. Бу халқ хоҳиш-иродаси мамлакатдаги ислоҳотлар йўналишларини белгилаб бераётганининг яна бир яққол исботи, десак, айни ҳақиқат. Давлатимиз раҳбарининг эзгу ташаббусларида инсон манфаатлари юртимизда кечаётган янгиланишларнинг асосий мақсади сифатида акс этади. «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, «халқ» ва «мамлакат» — Президентимизнинг маърузалари, нутқларида энг кўп учрайдиган сўзлар экан. Юртбошимизнинг 12 та маърузасида ушбу сўзлар уч юз марталаб янграган.

Президентнинг виртуал қабулхонасига йил давомида 1,2 миллиондан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Бу ўзбекистонликларнинг давлат раҳбари ҳамда янги институтга бўлган юксак ишончини кўрсатмоқда. Бинобарин, Виртуал қабулхона аллақачон аҳоли муаммоларини амалда ҳал қилишга қодир бўлган механизмга айланиб улгурди.

Фидойи ва жонкуярлар даври келди

Хорижий оммавий ахборот воситаларида эътироф этилганидек, Шавкат Мирзиёев кўплаб амалдорларни айланиб ўтиб, фуқароларнинг шикоятларини тўғридан-тўғри қабул қиладиган ва Президент девонига етказадиган Виртуал қабулхонани ташкил этиш орқали шу пайтга қадар халқдан узоқлашиб кетган ўзбек сиёсий моделини ижобий маънода ларзага келтирди. Натижада аксарият амалдорларнинг нафақат қарор қабул қилишдан, балки оддий инсонлар муаммоларини тушунишдан йироқлиги ҳам аён бўлди.