Жаҳон | 15:40 / 24.09.2017
127419
3 дақиқада ўқилади

Видео: КХДР америкаликларнинг самолётлари ва ҳарбий кемаларини «портлатиб юборди»

Шимолий Корея нашрлари КХДР ракеталари томонидан америкаликларнинг самолётлари ва авианосецлари яксон қилиши ҳақидаги фотолар ҳамда видеоколлажлар сериясини давом эттирди. Бу ҳақда 24 сентябрь куни Жанубий Кореядаги «Ёнҳап» агентлиги хабар тарқатган.

Хусусан, видеолардан бирида америкаликларнинг B1-B русумли бомбардимончиси ва F-35 русумли қирувчи самолёти уриб туширилгани кўрсатилган. Бундан ташқари, баллистик ракета орқали америкаликларнинг «Карл Винсон» (USS Carl Vinson) авиаташувчиси ҳамда унга ортилган бомбардимончи самолётлар яксон қилингани тасвирлари ясалган.

Бу коллажлар 23 сентябрь куни АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг B-1B Lancer самолёти қирувчи самолётлар ҳамроҳлигида Шимолий Корея ва Жанубий Корея ўртасидаги ҳарбийлардан холи қилинган ҳудуд осмонидан учиб ўтиши ортидан пайдо бўлди. 

Самолётлар ҳарбийлардан холи қилинган ҳудуддан шимол томон XXI асрда аввал кузатилмаган даражада ичкарироқ кириб боришган.

Шу орқали АҚШ ҳарбий имкониятларини намойиш қилганди. 

Бу воқеадан кўп ўтмасдан Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Ли Ён Хо БМТ Бош ассамблеясидаги чиқиши чоғида АҚШ президенти Дональд Трампни «руҳий хаста» деб атади.

«Реаллик шундан иборатки, руҳий носоғлом, ўзига юксак баҳо берувчи ва даҳо сановчи, бироқ ҳатто Америка халқи ҳам қабул қилмаётган инсон президентлик лавозимини эгаллаб турибди. Бутун ҳаёти давомида пўписа, алдов ва бошқа қинғир усуллардан фойдаланиб келган ўйинчи қўл остида қизил тугма бўлган мамлакатни бошқараётгани аччиқ ҳақиқат. Бугунги кунда дунёда тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид шундан иборат», — деди Ли Ён Хо.

Бунга жавобан эса Трамп Шимолий Корея узоққа бора олмаслиги ҳақида айтди.

«Ҳозиргина Шимолий Корея ташқи ишлар вазирининг БМТдаги нутқини тингладим. Агар у кичкина ракета-одамнинг фикрларини такрорлашда давом этса, улар узоққа бормайдилар!», деб ёзган Трамп твиттерда.

Мавзуга оид