Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. ЎзА сайтида ушбу қарорга шарҳ келтирилган.

Кейинги вақтларда дарёлар ўзанлари, кўллар, сувни муҳофаза қилиш зоналари, каналлар, коллекторлар ва бошқа сув объектларини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш (кейинги ўринларда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш деб юритилади) ишларини ўтказиш кўринишида амалга ошириладиган қум-шағал материалларини назоратсиз қазиб олиш ҳолатлари кўпайди. 

Ушбу фаолият дарё тубларининг ювилиб кетишига, қирғоқларнинг ўпирилишига сабаб бўлади, бу, ўз навбатида, фавқулодда вазиятлар юзага келиши ҳамда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мулкига, шунингдек, атроф табиий муҳитга зарар етиши учун шарт-шароит яратмоқда. 

Фақат 2017 йилнинг ўтган даврида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга ошириш бўйича 228 та ҳолат аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган. 

Юзага келган вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, мазкур соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Мазкур қарор билан дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга оширишга йўл қўймаслик бўйича комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш назарда тутилган. 

Бундан ташқари, транспорт ва гидротехника инфратузилмаси объектларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш соҳасида аниқ вазифалар белгиланди. 

Хусусан, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари фақатгина тошқин сувлари ва сел оқимларини ўтказиб юборишнинг имкониятсизлиги билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади.