Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили лавозимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлигининг ташкилий- ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнида ва ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишда Вазирлар Маҳкамаси иштирокининг самарадорлигини ошириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини бажаришда Ҳукумат масъулиятини кучайтириш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили лавозими жорий этилади.

Қуйидагилар Ваколатли вакилнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

биринчи - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида кўриб чиқиладиган қонунлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлаш, уларни Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратида кўриб чиқиш, келишиш ва ахборот бериш жараёнларида иштирок этиш;

иккинчи - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисларида қонунлар лойиҳалари, бошқа масалаларни муҳокама этиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида қонун лойиҳаларини (қонунларни) кўриб чиқишда иштирок этадиган Ҳукумат вакиллари таркибини шакллантиришда иштирок этиш;

учинчи - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари билан қонун ижодкорлиги фаолиятида, авваламбор, мамлакат парламентида қонунларни кўриб чиқиш, муҳокама этиш ва қабул килиш жараёнларида яқин ҳамкорлигини ташкил этиш;

тўртинчи - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида кўриб чиқиладиган қонун лойиҳалари, қонунлар, давлат дастурлари ва бошқа масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг келишилган нуқтаи назарини ифода этиш;

бешинчи - қонун ижодкорлиги жараёни, қонунчилик ташаббусларининг қабул қилиниши, парламент назорати натижалари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятига тааллуқли бошқа масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида кўриб чиқилиши ҳақида Вазирлар Маҳкамасига тизимли асосда ахборот бериш;