Чемпионлар Лигасида АПЛ ҳукмронлиги қайтмоқдами? Таҳлил
Бу йилги Чемпионлар Лигасида инглиз жамоаларининг ўзгача бир шижоати, салобати кўзга ташлангандек бўлмоқда. Беш жамоадан тўрттаси икки турдан сўнг, юз фоизлик натижа қайд этганининг ўзиёқ, барчаси жиддий эканини англатади. Тўғри, турнирнинг ҳақиқий фаворитлари ҳали ўша, ўзгармаган, барчаси плей-оффда ўз ўрнига тушиши ҳам мумкиндир, билмадик, лекин айнан икки тур натижаларини таҳлил қилиб, сабаблар ҳақида бош қотирганимизда, бу ижобий ўзгаришлар тасодиф эмаслигини кўрамиз.
АПЛ нинг беш клуби 10 учрашувда 26 очко тўплади. Бу ҳар бир жамоага ўртача 5.2 очкодан деганидир. Энди ўтган мавсумлардаги кўрсаткичларга эътибор беринг:
2014/15 – 2.75 очко
2015/16 – 2.25 очко
2016/17 – 4.25 очко
2017/18 – 5.20 очко
Йирик ҳисобдаги ғалабалар сонига қарасак, бутун гуруҳ босқичида инглизлар ҳар мавсумда 4 тадан шундай натижа қайд этишган, бу сафар эса, ҳали энди икки тур ўтганига қарамасдан, бундай ғалабалар сони 5тани ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич ҳам инглиз жамоаларидаги ишончли ўйиндан далолат қилмоқда. Келинг, сабаблар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
МУРАББИЙЛАР ТАРКИБИ
Пеп Гвардиола, Жозе Моуриньо, Маурисио Почеттино, Юрген Клопп, Антонио Конте. Сўнгги йилларда Европанинг деярли барча кучли мураббийлари АПЛда жамланишган. Албатта, бундай номларни таклиф қилган клуб фақат миллий чемпионат билан кифояланмайди, имкон қадар Европада ҳам зафар қучишни ният қилади. Илгари, топ мураббийлар ўртачароқ лойиҳалар билан ҳам ишлашга рози бўлишган, жараённинг ўзи улар учун қизиқ туюлган. Аммо сўнгги йилларда мурабийларнинг имижи, муваффақияти, резюмеси совринлар билан ўлчанадиган бўлиб қолди. Чекланган имконият билан ҳар қанча юқори натижа қайд этилмасин, барибир ўша мураббийга хулоса беришда – юлдузлар билан қандай ишлайди, босимни қандай кўтаради, топ жамоа билан қандай ишлайди, қабилидаги саволлар очиқ қолмоқда. Топ клуб лойиҳасига сарфланаётган пуллар кутилган натижани бериши учун ҳам, клублар мураббий феноменига янада жиддий эътибор қаратишмоқда ва мураббий танлашда «тажриба» жуда катта аҳамият касб этяпти. Биргина ноўрин истеъфо клуб амбицияларига ва амалга оширилган трансферларга салбий таъсир кўрсатиши табиий. Мана шу жиҳатдан, дунёнинг энг яхши мураббийларини йиғиб олган инглиз клублари Европада аста-секин жиддий мақсадлар қўя бошладилар.
Бундан ташқари, юқорида санаб ўтилган мураббийлар клублардаги иккинчи мавсумларини бошлашди. Бу ҳам жамоаларнинг ўтган йилга нисбатан кучайганини билдиради. Мураббийларнинг трансферлари, услублари нисбатан олганда, иккинчи мавсумдан тўлақонли иш беришни бошлайди.
ЖАМОАЛАР ТАРКИБИ
Юқорида айтилганидек, совринлар мураббийларнинг ташриф қоғозига айланар экан, инглиз клубларининг чексиз имкониятларидан келиб чиқиб, трансферлар сифатини ошганини ҳам кўришимиз мумкин.
Икки йилдан бери трансфер бозорида АПЛ клублари бир миллиард фунтдан ошиқ пул сарфлашмрқда ва бу сумманинг қарийб тўртдан уч қисми айнан мана шу ЕЧЛ иштирокчилари томонидан амалга оширилади. Сўнгги йилларда Англия чемпионати футбол юлдузлари учун ҳам қизиқарли лойиҳа бўлиб қоляпти. Ҳозирда «Реал» ёки «Барселона»нинг бу бозордаги яққол устунлигини кўрмайсиз, ҳатто «Тоттенҳэм», «Ливерпуль» каби жамоалар ҳам ўз етакчиларини сақлаб қолишнинг уддасидан чиқишди. «Арсенал»ни тарк этмоқчи бўлган Алексис Санчес ҳам имкон қадар АПЛ жамоасида тўп суришни истади.
«Реал» ва «Барселона» сўнгги трансфер даричасидан плюс баланс билан чиқишди. «Бавария»нинг шу кунгача энг қиммат трансфери 40 миллион еврони ташкил қилмоқда холос. Бу томондан қараганда, инглиз клублари таркибни кучайтириш борасида катта ишларни амалга оширяптилар. Кучли таркиб, кучли мураббийлар барибир бир кун ўз мевасини бериши табиий.
ИШТИРОКЧИЛАР ТАРКИБИ
Эътибор беринг, ҳозирда ЕЧЛ да иштирок этаётган беш клуб АПЛ да 6 турдан кейин турнир жадвалида 1-5 ўринларни эгаллаб турган жамоалардир. Яъни, бу сафар турнирда ростан ҳам Англиянинг энг кучли жамоалари қатнашишяпти ва ўтган йилги етакчи клублар барқарор тарзда янги мавсумга ҳам кириб кела олдилар.
Ўтган йили чорак финалга борган бўлса-да, «Лестер»дан кўп нарсани кутиш имконсиз эди, аввалги чемпион «Челси» муваффақиятсизликлар гирдобида қатнашди, «Тоттенҳэм» узоқ танаффусдан сўнг, бироз «довдираб» қолди. Ван Гаалнинг «Манчестер Юнайтед»и ёки Рожерснинг Суарессиз қолган «Ливерпули»и бу турнирда катта натижалар учун тайёр эмасдек эдилар гўё.
Бугунги бешлик учун эса, Чемпионлар Лигасида қатнашишнинг ўзи мувафффақият саналиб қолмайди, имкон қадар ушбу турнирда яхши натижа кўрсатишга барча имкониятлар етарли.
Яна бир омил шуки, жамоалар ҳар қанча кучаймасин, АПЛ ғолиблиги фақат бир клубга берилади ва қолганлар «қуруқ» қолишади. Мана шундай ҳолатни суғурталаш учун ҳам, энди АПЛ топ клублари еврокубокларга жиддийроқ қарашга мажбур. Бу жамоалар АПЛда чемпион бўлишлари ҳам, якунда олтинчи ўринни олиб қолишлари ҳам мумкин.
Масалан, ўтган йили чемпионатда Жозе Моуриньо чемпионатда жуда муваффақиятсиз қатнашди, лекин айнан қўшимча турнирлар ва совринлар мураббийга мавсумни юқори нотада якунлашга замин яратиб берди.
ГУРУҲЛАР ТАРКИБИ
Тан олиш керак, кучсиз рақиблар ҳам етарли. Инглиз жамоалари қатнашган 10 учрашувдан фақат «Атлетико» – «Челси» ўйинини ҳақиқий топ ўйинлар қаторига қўшиш мумкин холос. Шунингдек, «Ливерпуль» – «Севилья» ва «Тоттенҳэм» – «Боруссия» ўйинлари ҳам эътиборга молик. Бошқа ўйинларда эса, инглизларга ҳар томонлама кучсиз рақиблар рўбару келди. Манчестер клублари ҳали жиддий қаршиликни сезганлари ҳам йўқ, «Қорабоғ», «АПОЭЛ» каби клублар ҳам инглиз клублари учун жуда енгиллик қилиб қолмоқда.
Шу ўринда АПЛ нинг умумий савияси ошганлигини ҳам таъкидлаш керак. Англиянинг ўртамиёна клубларининг ҳам трансфер бозоридаги фаоллиги ЕЧЛ ўртамиёналари савиясига ҳам таъсир қилиши шубҳасиз. «Эвертон» ёки «Ньюкасл» каби клублар, ЕЧЛ нинг доимий иштирокчилари «Базель», «Фейеноорд» ёки «Спортинг» клублари етакчиларини сотиб олар экан, табиийки, ЕЧЛ да фақат топ-клублар қолади холос. Қолган жамоалар фақат очко улашиш билан банд бўлиб қоладилар.
Натижада «Саутҳемптон», «Сток Сити» ёки «Уотфорд» каби клублар ҳам таркиб ва савия жиҳатидан ЕЧЛдаги ўртамиёналаридан устун. Ҳар ҳафта мана шу босимни, қаршиликни енгиб ўтишга ўрганиб қолган инглизлар учун ЦСКА ёки «Фейеноорд» каби клублар жуда осонлик қилиб қоляпти.
Албатта, бу ўткинчи ва жуда эрта ҳосил бўлган хулосалар. «Реал», «Барселона» ёки «Бавария» ҳали ҳам турнирнинг асосий фаворитлари бўлиб қолаверишади, баҳорги ўйинларда бунга яна амин бўлишимиз эҳтимоли катта. Лекин инглиз клублари бу сафар уларга қаттиқроқ қаршилик қилишларини ва балки кейинги йилларда турнир об-ҳавосини белгилаб берувчи мақомга чиқишларини ҳам тахмин қилса бўлади. Бунга сабаб бўладиган омиллар юқорида санаб ўтилди.
Қаҳрамон Асланов
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
16:05 / 08.11.2024
«Олд Траффорд»да «Аморим-бол»: Янги мураббий қўл остидаги «МЮ» қандай тактик ечимлар тақдим этади?
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
16:20 / 02.11.2024