Етти ёшлигимдан жуда ажойиб хотиралар сақланиб қолган ва мен худди кечагидек ҳар бир воқеани кўз олдимда жонлантира оламан. Мен оилам билан боғлиқ бу хотираларни эслаганимда бирданига танамга илиқлик югуради.

Мен эндигина ҳақиқий футбол билан шуғулланишни бошлагандим. Аввалроқ мен фақат Мадейра кўчаларида болалар билан футбол ўйнардим. Биласизми, «кўча» деб мен ростанам «кўча»ни назарда тутяпман, бўш майдонни эмас, сабаби, ростдан ҳам, ҳар машина ўтганида биз ўйинни тўхтатиб турар ва «стадион»имиз бўшашини кутардик. Менга бу ўйинлар жуда ёқарди, лекин отам CF Andorinha мухлиси бўлган, мени болалар жамоасига боришни истарди. Бу билан отам ғурурланишини билардим ва мен шундай қилдим ҳам.

Биринчи кундан шу қадар кўп қоидалар ҳақида гапиришдики, кўпини тушунмасам ҳам, менга ёқди. Менга машғулотларнинг ташкил этилиши, ғалабаларга бўлган интилиш ёққанди. У бизнинг ҳар бир ўйинимизни майдон четидаги тўсиқлар ортидан томоша қилар, менимча, мазза қиларди. Онам ва опам эса, футболга умуман қизиқмас эди.

Ҳар куни кечки овқат пайтида отам уларни безор қилиб юборарди – менинг қандай ўйнаганим, қандай гол урганим ва ҳоказоларни айтиб берарди у. Отам футболдаги биринчи агентим бўлган, десам ҳам бўлади. Эсимда, футболдан қайтибоқ отам «Криштиану гол урди» деб ҳайқириб кириб келар, улар эса «О, мунча яхши» деб ҳам қўйишмасди. Уларни ростан ҳам футбол умуман қизиқтирмасди, ишонасизми?

Бошқа куни «Криштиану иккита гол урди!». Барибир ўша манзара, мен нимаям қилардим, жимгина гол уришда давом этардим холос.

Бир куни дадам келиб қатъиян деди: «Криштиану бугун учта гол урди. У ажойиб ўйин кўрсатди, сизлар ҳам бирор кун мен билан бирга бориб, томоша қилишларинг керак».

Лекин барибир, ҳар гар футбол ўйнаётганимда ўша отам турадиган томонга қарар ва унинг ёлғиз эканини кўрардим. Аммо бир куни, мен бу кунни унутмайман, чигалёзди машғулотларни қилаётиб қарасам, онам ва опаларим трибунада мен томонга қараб ўтиришарди. Қандай тушунтирсам экан, йўқ улар гўёки футбол томоша қилаётгандек эмасдилар, бир-бирларини пинжиларига кириб ўтириб олишган ва фақат мен томонга қараб қўл силкитишарди. Улар қарсак ҳам чалишмас, майдонда нима бўлаётганини тушунишмас, гўёки қандайдир парад ёки байрамда мени кўриб қолгандек ўтиришарди. Шундай бўлса-да, улар шу ерда эдилар ва менга шу кифоя эди.

Мен ўзимни жуда яхши ҳис қилгандим ўшанда. Мен учун бу катта нарса эди. Худдики, ичимга бир нарса кириб олгандек бўлди. Менимча, бу фахр туйғуси бўлган. Биз бой эмасдик, пулимиз кўп бўлмаган. У пайтларда Мадейрадаги ҳаётимиз кўпроқ яшаш учун курашни эслатарди. Мен акам совға қилган ёки холаваччаларимдан қолган эски этикда футбол ўйнардим. Аммо биласизми, ёш болаларга пул керак эмас. Болалар қандайдир ҳиссиётлар оғушида яшайди ва улар учун энг муҳими шу. Айнан мана шундай ҳиссиёт ўша куни менда жуда кучли бўлганди – мен ўзимни ҳимояланган ва севимли ҳис қилдим. Португал тилида биз буни menino querido da família (оиланинг суюкли фарзанди) деб атаймиз.