Жаҳон | 10:14 / 07.10.2017
34449
2 дақиқада ўқилади

Лас-вегаслик қотил миллионер бўлган

Фото: U.S. government

АҚШ солиқ бошқармаси лас-вегаслик мерган Стивен Пэддокнинг ҳисоб рақамида беш миллион доллар борлигини аниқлади. Бу ҳақда NBC News телеканали хабар бермоқда.

Таъкидланишича, кантри-мусиқа фестивалига ташриф буюрганларни ўққа тутган Пэддок 2015 йилда бундай катта миқдордаги маблағни декларациядан ўтказган, у қимор ўйинларини даромад манбаи сифатида кўрсатган. Терговчилар бу маблағнинг бир қисми инвестициялар орқали келган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяптилар.

Ўз навбатида, CNN телеканали Пэддок Испания, Италия, Греция, Иордания ва Бирлашган Араб Амирликларида тўхтаб ўтган ҳолда, 20 маротаба кема орқали сафар қилганлигини аниқлади. Бироқ, тергов бу саёҳатларнинг тафсилотлари ҳамда уларнинг саналарини ошкор қилмади. Шуниси маълумки, кўпгина кемаларнинг бортида казинолар мавжуд бўлган.

Бундан ташқари, телеканалнинг қайд этишича, полиция Пэддок нима сабабдан қатлиом уюштирганини ҳалигача аниқлай олмади. Аввалроқ унинг дўсти Мэрилу Дэнли қотилни тинч ва ғамхўр инсон сифатида билишини айтганди.

1 октябрь оқшомида 64 ёшли америкалик Стивен Пэддок Лас-Вегасдаги кантри-фестиваль иштирокчиларини ўққа тутди. Жиноятчи Mandalay Bay меҳмонхонасининг 32-қаватидаги хонадан туриб пастдаги минглаб кишилар устига ўқ ёғдирди. 59 киши ўлими ва 500дан ортиқ киши жароҳатланиши билан якунланган бу қонли ҳодиса Қўшма Штатлар тарихидаги энг йирик оммавий қотиллик бўлди. 

Мавзуга оид