6 октябрь куни аввалида Россиянинг Владимир вилоятидаги темирйўл кесишмаларидан бирида йўловчи поезди ўзбекистонлик ишчилар минган, қозоғистонлик ҳайдовчи бошқарувидаги «Мерседес» русумли автобусни уриб кетди. Фожиа оқибатида расмий маълумотларга кўра, 17 киши ҳалок бўлди, шундан 16 нафари Ўзбекистон фуқароларидир. Ҳалок бўлганларнинг икки нафари болалар, яна бир бола шифохонанинг жонлантириш бўлимида қолмоқда.
Автобусда жами 58 киши бўлган (қозоғистонлик икки ҳайдовчи ва 56 йўловчи). Ҳайдовчиларнинг бири, 1970 йилда туғилган Қозоғистон фуқароси Данияр Шилдебаев ҳалок бўлди. Иккинчиси, 1977 йилда туғилган Нургали Сарманов айни вақтда бошқа жабрланувчилар билан бирга Покровдаги вақтинчалик жойлаштириш пунктида.

Дастлабки версияга кўра, Покровда автобус тирбандликка тушиб қолган. Ҳайдовчи айланиб ўтмоқчи бўлган, бунинг учун ён трассадан темир йўлга чиққан. Лекин автобус темир йўл устида бузилиб қолган.
Поезд келиб урилишидан олдин автобусдан чиқишга улгурганлар омон қолган. Улар аввалига автобусни итариб четга олиб чиқмоқчи бўлишган, аммо бунинг иложи бўлмаган.
Ҳалокатдан аввал автобусдагиларнинг аксар қисми уйқуда эди. Омон қолганлардан бири гувоҳлик беришича, темир йўл навбатчиси поезд яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирувчи белги қўймаганди.
Москва темир йўл бошқармаси вакиллари эса ўтиш йўли шлагбаум, ёруғлик ва овоз сигнализациясига эга бўлганини айтмоқда.
Поезд машинисти фавқулодда тормозланишни қўллаган, аммо поезд тўлиқ тўхташи учун масофа қисқалик қилган. Поезд тўхташи учун 746 м масофа керак эди, аммо машинист тормозни босганида ўртадаги масофа 400 метрни ташкил этарди.

Маълум бўлишича, «Мерседес-Бенц О 303» маркали бу автобус 1990 йили эксплуатацияга киритилганди. Германияда бундай автобуслар ишлаб чиқарилиши 1993 йилдаёқ тўхтатилган.
«Ишлаб чиқарилганига 24 йилдан ортиқ вақт бўлган транспорт воситасининг техник ускуналари эскирганига 15 йилдан ошган. Россияда ҳаракатланувчи автобусларнинг ярмидан ортиғи эскирган», дейилган вазиятни баҳолаган ГАЗ компанияси матбуот хизмати.









